Озодбек Назарбеков вазирликдан кетдими?
Жамият
−
31 Октябрь
36837Ижтимоий тармоқларда Маданият вазири Озодбек Назарбеков лавозимини тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров билан боғланди.
Вазирлик вакилининг бизга маълум қилишича, Назарбековнинг депутат бўлиш учун лавозимини тарк этгани ҳақидаги хабарлар бўйича расмий маълумот йўқ. Маълумотлар аниқ бўлгач, вазирлик томонидан расмий баёнот берилади.
Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатликка Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзоди қўйилган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда “Миллий тикланиш” партиясидан номзод, Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг лавозимидан кетгани ва депутатликни танлаганлари тўғрисида тарқалган хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини қайд этган.
“Мазкур хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини ҳамда мутасадди лавозимда бўлган депутатликка номзодлар ҳақида тегишли маълумотлар Марказий сайлов комиссияси ёки партияларнинг расмий саҳифаларида хабар берилишини маълум қиламиз”, дейилади АОКА хабарида.
Маълумот ўрнида, Озодбек Назарбеков 1974 йилнинг 7 май куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқовнинг қўлида таҳсил олган. 1994 йилдан ижодий фаолиятини бошлаган.
У 2007 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2010 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 2012 йилда Қорақалпоғистон халқ артисти, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
2020 йилда эса ўша пайтдаги Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Назарбековни Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирлаган. Жорий йилнинг апрель ойида Озодбек Назарбеков Тожикистон халқ ҳофизи фахрий унвони билан тақдирланган. Сентябрда эса унга Қирғизистон халқ артисти унвони берилди. Озодбек Назарбеков 2017-2020 йилларда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ва 2020 йилдан ҳозиргача Маданият вазири лавозимида ишлаб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимини тарк этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақида хабар берилганди. Умарова депутатликни рад этиб ариза ёзган ва у вазирликдаги фаолиятини давом эттиради.