Ҳилола Умарова вазирликдан кетдими?
Жамият
−
31 Октябрь
23678Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимини тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик матбуот хизмати билан боғланди.
Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собированинг бизга маълум қилишича, вазир Умарованинг депутат бўлиш учун лавозимини тарк этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловида Ҳилола Умарова номзоди ЎзЛиДеПдан депутатликка кўрсатилган эди.
QALAMPIR.UZ манбасининг хабар қилишича, Ҳилола Умарова депутатликни рад этиб ариза ёзган ва у вазирликдаги фаолиятини давом эттиради.
Маълумот учун, Ҳилола Умарова 1988 йилда Германиянинг Ваймер шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Мутахассислиги – ташқи иқтисодий фаолият. У Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот-коммуникация технологияларига ихтисослаштирилган мактаб директори, INHA университети бош менежери, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори лавозимларида ишлаган. Умарова 2022 йилнинг сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимига тайинланган.
LiveБарчаси