Вазир педагоглардан болаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилди
Жамият
−
11 Апрель 7105 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова педагогларни болаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 11 апрель куни ўзининг Telegram-каналида мурожаатнома эълон қилди.
Унда қайд этилишича, бугунги кунда таълим муассасаларида фаолият юритаётган ҳар бир ходим зиммасига ниҳоятда юксак масъулият юклатилган. Педагогларнинг касбий меҳнати ҳамда болаларга бўлган муносабати уларнинг нафақат билим олиши, балки баркамол шахс сифатида шаклланиши, ўзига бўлган ишончи ва ҳаётга бўлган қарашларига бевосита таъсир қилмай қолмайди.
“Шу маънода айтиш лозимки, болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, уларнинг руҳий ҳолатини эҳтиёткорлик билан асраш таълим тизими ходимларининг асосий касбий шиорига айланмоғи лозим. Ҳар қандай ноўрин хатти-ҳаракат, бепарволик ёки лоқайдликнинг олдини олиш, педагогик этика меъёрларига қатъий амал қилиш ва юксак касбий маданиятни намоён этишингиз зарур”, дейди вазир.
Шунингдек, у нафақат соҳа етакчиси, балки она ва буви сифатида ҳам мурожаат қилаётганини билдирган.
“Ҳар бир бола – меҳр ва эътиборга муносиб, қалби нозик ва ишончи беғубор бўлган ноёб оламдир. Улар бизга катта умид ва ишонч билан қарайди, бизнинг муносабатимиз орқали ҳаётни англайди. Фарзандларимизга қандай меҳр ва муносабат кўрсатсак, улар келажакда шундай инсонлар бўлиб вояга етади. Шундай экан, ҳар бир сўзимиз ва ҳаракатимиз болалар қалбида қандай из қолдиришини чуқур ҳис этишимиз лозим”, дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири.
Эъзоза Каримова юқоридагилардан келиб чиқиб педагоглар олдига қатъий талаб қўйган.
“Таълим муассасаларида соғлом, ижобий ва инсонпарвар муҳитни таъминлаш, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан доимо ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишни қатъий талаб қиламан. Ҳар бир вазиятда амалдаги қонунчилик, ички тартиб-қоидалар ҳамда касбий этика талабларига тўлиқ амал қилиниши шарт. Мазкур масалада лоқайдликка мутлақо йўл қўйилмайди. Ҳар бир ходим ўз фаолияти натижалари учун шахсан жавобгар эканлигини чуқур англаб етиши зарур”, дейди у.
Шунингдек, вазир раҳбар сифатида педагоглардан юксак масъулият, доимий ҳушёрлик ва фидойиликни кутишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, вазирнинг ушбу мурожаатномаси сўнгги пайтларда боғчаларда тарбиячиларнинг болаларга нисбатан қўпол муносабати фонида эълон қилинди. Хусусан, жорий йилнинг 8 апрель куни Оҳангарон шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти ходимининг тарбияланувчи болалардан бирига жисмоний куч ишлатиб, уни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлагани муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейинроқ у ишдан олинди ва халқдан узр сўраб, видеомурожаат йўллади.
Айнан 8 апрель куни ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси тарбияланувчиларга қўпол муносабатда бўлиб, уларни қийнаб, дўппослагани акс этган видео тарқалди. Кейинроқ педагогга нисбатан Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ва у гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушлангани маълум бўлди.
Live
Барчаси