Ўзбекистонда 5 вазир ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди
Жамият
−
23 Сентябрь
108997Айни пайтда 5 нафар вазир агар депутатликка сайланса, лавозимидан воз кечиши ҳақида ариза ёзган.
Булар:
- Адлия вазири Акбар Тошқулов;
- Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов;
- Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова;
- Маданият вазири Озодбек Назарбеков;
- Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
Сайлов кодексининг 72-моддасига кўра, депутатликка номзоди кўрсатилган шахснинг ўз номзоди тегишли бир мандатли сайлов округидан овозга қўйилишига ёки партия рўйхатига киритилишига рози эканлиги, башарти у Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза ёзади.
Сиёсий партияларнинг парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига қўйилган номзодлари таркибида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновлар ҳам бор.
Шунингдек, маданият ва санъат вакиллари ичидан Ёдгор Саъдиев, Раъно Шодиева, Гавҳар Зокирова, Раъно Зокирова ва Дилноза Кубаевалар ҳам депутатликка ўз номзодларини қўйган.
Маълумот учун, қонунчилик палатаси депутатлари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас. Қонунчилик палатаси депутатига унинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтади.
LiveБарчаси