Бўйсунмас Панжшер етакчиси Аҳмад Масъуд “Толибон”га қарши курашни тўхтатиш шартини айтди

Олам

image
Миланда кўп қаватли уй ёниб кетди (видео) north_east

Миланда кўп қаватли уй ёниб кетди (видео)

Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд, агар “Толибон” инклюзив ҳукумат тузиб, фуқароларнинг эркинлиги ва тенглигини таъминласа, курашни тўхтатиб, сиёсатдан кетишини айтди. 

“Агар толиблар ҳокимиятни ҳамма билан бўлишишни мақсад қилса ва Афғонистонда адолат ўрнатиш, ҳаммага тенглик ва эркинлик бериш ниятида бўлса, мен орқага чекиниб, сиёсатдан кетаман”, деган у “Foreign Policy” нашрига. 

Масъудга кўра, агар ҳаракат Афғонистоннинг инклюзив ва марказсиз ҳукуматини тузсагина, “Толибон” билан келишувга эришиш мумкин. У қаршилик вакиллари учун бошқа барча вариантлар номақбул бўлишини айтган.

“Акс ҳолда толиблар билан қарама-қаршилик давом этади”, деган Масъуд. 

Шунингдек, қаршилик фронти раҳбари чет элдан ҳеч қандай молиявий ёрдам олмаслигини ва минтақанинг кўплаб давлатлари гўёки “Толибон” тарафида бўлганини таъкидлаган. 

“Ҳукумат (Афғонистоннинг қочган Президенти Ашраф Ғани) минтақадаги кўплаб мамлакатларни “Толибон” тарафдори бўлишга мажбур қилди. Уларнинг этник ва миллатчилик риторикаларидан тортиб, сув таъминоти сиёсатигача, буларнинг барчаси бизда адоватни келтириб чиқарди ва кучайтирди. Улар “Толибон”га яқин бўлиб қолишган. “Толибон” билан яқинлашишининг яна бир сабаби АҚШнинг мавжудлиги, шунингдек, жангариларни қўллаб-қувватлаш орқали АҚШ ва НАТОга зарар етиши мумкин эди”, дея қўшимча қилган Масъуд.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан  "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти. Ушбу вилоят Афғонистоннинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган.


Мақола муаллифи

Теглар

Панжшер Масъуд

Баҳолаганлар

681

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг