Афғонистон: Республика энди йўқ. “Толибон” мамлакатни Амирлик, деб эълон қилди
Олам
−
19 Август 2021
22646Бугун, 19 август куни Афғонистон мустақиллиги эълон қилинганига 102 йил тўлди. Айнан шу санада, “Толибон” Афғонистон Мустақиллик куни муносабати билан декларация эълон қилди. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилган.
Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўз аккаунтига “Мамлакатнинг Британия империяси мустамлакасидан озод бўлганининг 102 йиллиги муносабати билан Афғонистон Ислом Амирлигининг декларацияси” деб ёзилган ҳужжатнинг ҳаволасини жойлаштирган. Бу толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан кейин қабул қилган илк расмий ҳужжат.
“Афғонлар ўз мамлакати бугун Америка истилосидан мустақил бўлиш арафасида эканидан жуда мамнун. Бу барча афғонлар миннатдор бўлишлари керак бўлган илоҳий неъматдир. Биз мамлакатимизда бирдамлик ва самимийлик билан исломий тизим манфаатлари йўлида ишлашимиз керак. Шунингдек, бу қайта қуриш ва давлатнинг гуллаб-яшнаши учун ҳам хизмат қилиши керак.
Бундан 102 йил олдин, афғон мужоҳидлари [озодлик курашчилари] саксон йиллик қаршилик натижасида Британия мустамлакачилигидан мустақилликка эришдилар. Британия империясининг афғон мужоҳидлари қўлидан қулаши асрнинг энг буюк ҳодисаси, деб ҳисобланди ва дунёнинг бошқа кўплаб халқлари мустамлакачилик кишанидан қутқарилди”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, Британия империяси билан бир қаторда СССР устидан ҳам ғалаба қозонганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Aфғонистон Мустақиллик куни – 1919 йилда Aнглия-Aфғонистон шартномаси имзоланиши муносабати билан 19 августда нишонланадиган миллий байрам. Бу битимга мувофиқ Буюк Британия ниҳоят Aфғонистон давлатининг мустақиллигини тан олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикаси қулади. Президент Ашраф Ғани эса истеъфога чиққанини эълон қилди. Шу билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.
2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди.
Ҳокимиятга толиблар келганидан кейинги дастлабки кунларда Қобул аэропортида тартибсизлик ҳукм сурди: одамлар дипломатик ходимларни мамлакатдан олиб кетаётган хорижий самолётларга ҳужум қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, бир неча киши самолёт бортидан йиқилиб вафот этган.
Дурдона Пирназарова
LiveБарчаси