Панжара ортида ҳам Путинга тинчлик бермаётган Навальний аслида ким? 

Таҳлил

image

Алексей Навальний – юрист, сиёсатчи ҳамда сўнгги йилларда Россия Ҳукумати учун ҳақиқий “бош оғриққа” айланган мухолифат етакчиси. У ўтган йилнинг август ойида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланиб, кома ҳолатига тушиб қолди. Шундан сунг, Германияда узоқ вақт даволаниб, 17 январь куни Ватани Россияга қайтди. Бироқ самолёт аэропортга қўниши биланоқ у ҳибсга олинди. Ҳозир у панжара ортида.

Шундай бўлса ҳам қўли кишанланган Навальний Россия ҳукуматига муаммо туғдиришда давом этиб келмоқда. Лекин қандай? Ахир у қамоқда-ку. Ўзи бу шахснинг мақсади нима?  Уни ким молиялаштиради? Қуйида Алексей Навальнийнинг сиёсий фаолиятига назар соламиз.

Катта сиёсатгача бўлган қадам

Навальний Россия Халқлар дўстлиги университетида ҳуқуқни ўрганган, сўнгра Ҳукумат қошидаги Молия академиясида ўқиган. Ундан ташқари 2010 йилда “Yale World Fellows” дастури доирасида АҚШнинг Йела университетида 6 ойлик курсни ўтаб қайтган. 

У меҳнат фаолиятини Россиянинг “Аэрофлот” банкида бошлайди. Кўп вақт ўтмай ўз бизнесига асос солади ва “Аллект”,”Несна” каби бир қатор фирмалар очади. Навальний 2001 йилда логистика билан шуғулланган бўлса, 2006 йилда “Эхо Москвы”нинг бир дастурида бошловчи бўлиб ишлайди. У бир муддат профессионал адвокатлик фаолияти билан ҳам шуғулланган. 2012 йилда “Аэрофлот” банкининг директорлар кенгашига қўшилди. Орадан кўп утмай у ерни ҳам тарк этади.

Навальний 2013 йилда Москва мерлиги учун ўз номзодини қўйди ва иккинчи ўринни олди. 2016 йилда эса Алексей Россия президентлик сайловларида қатнашиш нияти борлигини маълум қилди ва шу тариқа катта сиёсатга кириб келди.

Коррупцияга қарши кураш фонди

2011 йилда Алексей Навальний Коррупцияга қарши кураш фондига(КҚКФ) асос солди. Ушбу ташкилот суриштирув, тергов ва коррупцион схемаларни фош этиш билан биргаликда давлат амалдорларининг ноқонуний бойлик орттириши тўғрисида фильмлар ҳам ишлайди. Улардан энг машҳурлари:

•  2015 йилда эълон қилинган, Россия Федерацияси генерали Юрий Чайка номи билан боғлиқ “Чайка” фильми – YouTube видеохостингида15 миллион марта кўрилган;

•  2017 йилда омма эътиборига ҳавола қилинган, Россия Федерацияси собиқ Президенти ва Бош вазири Дмитрий Медведев номи билан боғлиқ “Он вам не Димон” фильми – 37 миллион марта кўрилган;

•  2017 йилда россиялик журналист ва пропагандачи Владимир Соловьёв номи билан боғлик “Квартиры, дача и итальянская вилла” номли фильм – 10 миллион марта кўрилган;

•  19 январь куни эса, Россия Федерацияси Президенти Владимир номи билан боғлиқ “Дворец для Путина” номли фильм эълон қилинди. Бу фильм ҳозиргача 26 миллион марта томоша қилинди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, юқорида санаб ўтилган фильмларни суратга олган Коррупцияга қарши кураш фонди 2019 йилнинг октябрь ойида Россия Федерациясининг Адлия вазирлиги томонидан чет эл агентлари рўйхатига киритилган. 

Ушбу фондда доимий равишда 40 дан зиёд ходим ҳамда 300 дан ортиқ волонтёрлар фаолият юритади. Фонднинг фаолияти Ҳукумат кирдикорларини фош қилишга қаратилганини ҳисобга олсак, таббийки фонд ходимлари ҳибсга олинади ва офислари тез-тез ҳужумга учраб туради. Навальний ҳам бундан мустасно эмас. 

Навальнийга суиқасд

Ўтган 2020 йил бутун дунё қаторида Навальний, унинг оиласи ва ҳамкасбларига ҳам оғир келди. Гап шундаки, ўтган йилнинг июль ойида Навальний устидан судга тақдим қилинган шикоят аризаси туфайли фонд ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтишга мажбур бўлди. Бундан бир ой ўтар-ўтмас, аниқроғи 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан мамлакат пойтахти Москвага қайтиш вақтида самолётда Алексейнинг тоби қочиб, ҳушидан кетди. Кейинроқ, сиёсатчининг ўзи буни қуйидагича эслайди:

“Ҳеч қаерим оғримас эди, лекин ўлаётганимни ҳис қилардим ”, дейди Алексей.

Шундан сўнг, у кома ҳолатига тушди. Сиёсатчи аёли ва жамоасининг саъй-ҳаракатлари билан Германияга олиб кетилди. Беш ой вақт давомида у Германиянинг “Шарите” шифохонасида даволаниб, яна фаол ҳаётга, сиёсий майдонга қайтди. Ўзининг заҳарланишида Путин ва унинг одамларини айблаб, бу ҳақда ҳам суриштирув фильмини эълон қилган.

Оммани узоқ куттирмаган сиёсатчи жорий йилнинг 13 январь куни Ватанига қайтишини эълон қилди. Хавотирларга қарамай, Навальний Россияга қайтди ва кутилганидек дарҳол ҳибсга олинди. Катта эҳтимол билан Навальний воқеа бундай тус олишини олдиндан билган ва бунга тайёргарлик кўрган. Ушбу фикрнинг исботи сифатида қўли қишанда бўлган сиёсатчининг омма эътиборига тақдим қилаётган суриштирув филми, мақолалари ва ижтимоий тармоқдаги постлари тўхтамаётганини олиш мумкин.

Сиёсатчининг Ватанга қайтиши 

Юқорида таъкидланганидек Алексей 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди. Лекин масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, самолёт белгиланган “Внуково” аэропортига эмас, балки “Шереметьево”га қўнди. Гап шундаки, “Внуково”да сиёсатчини кўплаб тарафдордари кутиб турган эди. Самолёт қўнган “Шереметьево” аэропортида эса, Алексейни бир неча автобусда етиб келган ОМОНчилар қарши олди.

Жорий йилнинг 18 январь куни Алексей Химки шаҳар суди томонидан 30 кунга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни эса тартибга кўра суд залида эмас, балки полиция бўлинмасида бўлиб ўтди. Навальний устидан 2 февраль куни Москвада яна суд жараёни ўтказилиш белгиланган. Хабарларга кўра, у “Ив Роше” компаниясининг пулларини ўзлаштиришда айбланмода. Сиёсатчига 3,5 йил қамоқ жазоси хавф соляпти.

Навальнийни ким молиялаштиради?

2017 йилда Алексей Навальнийнинг ўзи унга пул қаердан келишини оммага маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, асосий даромад халқнинг ўзидан келади. Гап шундаки, у асос солган коррупцияга қарши курашиш фонди ва ўзининг номи билан очилган сайтларда “донате” тугмачаси мавжуд. Айнан ўша сайтлар орқали Алексейнинг фаолиятини қўллаб-қўвватлаш истагида бўлганлар унга пул маблағларини жўнатади. 

Ундан ташқари, YouTube платформасига жойлаштирилган видео лавҳалар ҳисобига ҳам пул маблағлари келиб туради.

Навальний жамоаси доимий равишда фондга келиб тушаётган пул миқдори ва нималарга сарф қилинаётгани хақида ҳисобот бериб туради. 

Сиёсатчининг оиласи 

Алексей 1998 йилда Туркияда Юлия билан танишиб қолади ва улар орадан икки йил ўтиб турмуш қуради. Юлия Алексей каби иқтисод ва молияни ўрганган. Уларнинг икки фарзади бор. Каттаси қиз – Дарья, кичиги ўғил – Захар. Сиёсатчининг аёли Юлия ҳар доим уни қўллаб келган. Навльнийнинг сўзларига кўра, аёлининг сиёсий амбициялари уникидан ҳам кучлироқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин фонд мухолифат Навальний ФБК

Баҳолаганлар

1283

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг