Фожиа ва клип. Айб кимда?
Жамият
−
12 Март 36612 4 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидованинг қўшиғи учун клип суръатга олиш жараёнида актриса Сабрина Жабборовани автомобиль босиб кетгани, шундан сўнг у ёрдам сўраб пост қолдиргани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан хонанданинг ўзи тушунтириш берди.
Озода Нурсаидова унинг клипи съёмкаси давомида бундай ҳодиса рўй берганини тан олди ва воқеа содир бўлганда суратга олиш майдончасида бўлмагани, воқеа ҳақида ўзи ҳам телефон қўнғироғи орқали хабар топганини айтди.
“Клипни съёмка қилиш жараёни қандай бўлиши ҳақида бир нарсани айтиб ўтишим керак. Хонанда буюртмачи. Суратга олиш гуруҳи йиғилади. Ҳар бир одамнинг ўз вазифаси бор. Съёмка қилинади. Санъаткорга берилади. Жараёнда қатнашган ҳар бир одам учун, актриса бўлсин, “моссовка” бўлсин, техник гуруҳ бўлсин, уларнинг хавфсизлиги учун мен жавоб бермайман”, деди Нурсаидова.
Шунингдек, у актрисага ёрдам кўрсатилгани ва шу кунгача шахсан ўзи томонидан ёрдам кўрсатилиб келинаётганини айтди.
“Майли, миннат бўлмасин, менинг администраторим бир ой давомида Сабринанинг уйида деярли яшади. Бир ой яшади. Шифохонада ҳамма ёрдам кўрсатилди. Нафақат мен, балки бутун суратга олиш гуруҳи томонидан. Ҳамма қўлидан келганча ёрдам қилди”, деди Озода Нурсаидова.
Хонанда актриса Сабрина Жабборованинг операцияси нотўғри қилингани ва бунинг оқибатида унинг бир оёғи калта бўлиб қолгани ҳақидаги гапни ҳам биринчи марта эшитаётганини таъкидлаган.
“Январь ойида Сабрина туриб, съёмкаларга бораётганини эшитиб хурсанд бўлдик. Янги йилда ҳам бориб табриклаб келишди. Биз Сабрина оёққа турибди деб хурсанд бўлдик. Март ойида ҳам Сабринага бериладиган ёрдамни бериб келишди. Бундай гап йўқ эди. Мана кеча яшин тезлигида бунақа маълумот тарқаляпти”, дейди Нурсаидова.
Шу билан бирга, хонанда бу ерда айтилмаётган бошқа бир важлар, тафсилотлар ва аралашиб қолаётган кучлар борлигини айтди. У булар ҳақида келгуси бир чиқишида айтиши ёки терговга маълум қилишини билдирди.
“Албатта, бўлган воқеадан жуда ҳам афсусдаман. Яхши иш бўлмади. Бахтсиз воқеа бўлишидан қатъи назар ҳеч бир онага кўрсатмасин фарзандини бу ҳолда кўришни. Ўйлайманки, бу нарсага адолат тарафдан ёндашилади. Ҳар бир одам нотўғри иши учун жазосини олади”, деди Нурсаидова.
Эслатиб ўтамиз, жабрланувчи актрисанинг мурожаатида машинанинг ғилдираклари унинг устидан икки марта ўтиб кетгани, воқеа оқибатида тос суяги синган, бошқа аъзолари оғир жароҳат олгани айтилади. Шунингдек, 9 соатлик операциядан сўнг беморнинг ҳаёти сақлаб қолингани, бироқ жарроҳлик амалиёти нотўғри бажарилгани оқибатида унинг чап оёғи ўнг оёғидан 7 см узунроқ бўлиб, қиз ногирон бўлиб қолгани билдирилган.
Қайд этилишича, айни вақтда шифокорлар қизнинг саломатлигини тиклаш учун унинг тос суягини синдириб, суякларни тўғрилаш кераклиги, бундай операциялар жуда камдан кам ҳолатларда муваффақиятли ўтишини айтган. Унинг сўзларига кўра, суратга олиш ташкилотчилари ва бошқа айбдор шахслар жабрланувчига етарлича ёрдам кўрсатмаган. Фақатгина 4 ой давомида “фильмни суратга олишда техник қоидаларни бузганлиги” учун жарима сифатида 500 доллар тўлаб турган.
Мазкур ҳодиса бўйича иш судга оширилган, лекин ҳали суд жараёни бошланмаган. Актриса терговчи унга иш материалларини тақдим қилмаганини айтган. Шунингдек, у нормал юриш қобилиятини тиклаш учун чет элда такрорий операция ўтказиши кераклигини айтган ва жамоатчиликдан ёрдам сўраган.
Орадан кўп ўтмай Озода Нурсаидованинг ўша клипида ишлаган ижодий жамоа мазкур вазиятга изоҳ бериб, актриса ва унинг яқинлари улардан уй ва машина талаб қилаётганини айтиб чиқди.
4 ой мобайнида мазкур йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида лом-мим демай келаётган Тошкент шаҳар ИИББ актрисанинг мурожаати ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганидан кейин ЙТҲ ҳақида ахборот бериб, 2024 йилнинг 7 ноябрь куни соат тахминан 13:00 ларда Мирзо Улуғбек тумани Янги Ўзбекистон кўчасида жойлашган автотураргоҳларнинг бирида ҳайдовчи вояга етмаган 2008 йилда туғилган С.П. Mercedes Benz русумли автомашинада ҳаракатланиб, 2 нафар пиёдани (2003 йилда туғилган Ж.С. ва 2006 йилда туғилган Ш.Э.) уриб юборганини маълум қилди.
Билдирилишича, жабрланувчилар шифохонага олиб борилган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро Ш.Э.нинг ҳолати оғирлик даражаси бўйича енгил тан жароҳати, фуқаро Ж.С. эса “оғир” тан жароҳати деб баҳоланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) билан жиноят иши қўзғатилган.
Live
Барчаси