Озарбайжон Қозоғистондан Тоғли Қорабоғдаги қуролли можарода ёрдам беришини сўради

Олам

image

Озарбайжон Қозоғистондан Тоғли Қорабоғдаги вазиятга Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти орқали таъсир ўтказишини сўради.

Озарбайжоннинг Қозоғистондаги элчиси Рашад Мамедов барча халқаро келишувларда Тоғли Қорабоғ ҳудуди Озарбайжон таркибида кўрсатилганини эслатиб, ҳозирда ўша ҳудудларни озод қилиш ҳаракати олиб борилаётганини таъкидлаган.

Элчи Қозоғистон Тоғли Қорабоғнинг Озарбайжондан ажратилганини расман тан олмаганини ва мамлакат яхлитлиги тарафдори эканини қўшимча қилди. Аммо шунга қарамай, Қозоғистонда Озарбайжон ва Арманистон можароси ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатилаётганидан норозилик билдирди.

“Арманистон томондан дезинформация келяпти. Бу масалага жуда эҳтиёткор ёндашиш керак. Озарбайжон Арманистон билан чегарада ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаяпти. Ҳарбий тўқнашувлар Озарбайжоннинг ўртасида юз беряпти. Биз ўз ҳудудимизни озод қиляпмиз. Биз урушни хоҳламагандик. Бу ҳақда барча минбарлардан айтдик, аммо энди армиямиз чекинмайди, кеча 8 та қишлоқ озод қилинди”, деган элчи Мамедов.

Озарбайжон элчиси Арманистон таркибида Қозоғистон ҳам бўлган Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти аъзо эканини эслатган. Дипломатнинг сўзларига кўра, шу сабабдан можарога учинчи давлатни ҳам аралаштириш учун ахборот ҳуружи амалга ошириляпти. 

“Биз Қозоғистондан ЕОИИ ва КХШТ доирасида Арманистонни тўхтатишини сўраймиз. Қозоғистоннинг ёрдамига, халқаро ҳуқуқ доирасида руҳий ва сиёсий кўмагига муҳтожмиз. Можаро тинч йўл билан ҳал этилиши керак”, деган Рашад Мамедов.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорабоғдаги тўқнашувлар юзасидан баёнот бериб, томонларни қурол ишлатишдан тийилишга ва музокаралар ўтказишга чақирганди.

Шунингдек, расмий Нур-Султон халқаро ташкилотлар доирасида можарони ҳал қилишнинг тинч йўлларини излашда ёрдамлашишга тайёрлигини билдирганди.

Маълумот учун, расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ тўқнашуви Озарбайжон-Қозоғистон

Баҳолаганлар

613

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг