Озарбайжон Қорабоғдаги ғалабасини тантана қилмоқчи

Олам

image

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғда бир ярим ой давом этган қуролли тўқнашув ва қарийб 30 йилдан кейин Озарбайжон ерларининг Арманистон мустамлакасидан қайтариб олинишини тантана қилади. Шу куни пойтахт Бакуда ғалаба паради ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди. 

“10 декабрь куни Озодлик майдонида бўлиб ўтадиган ҳарбий парадда 3 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этади. Унда 150 га яқин техника намойиш этилади. Улар орасида биринчи бор тақдим этиладиган ракета учириш мосламалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам бор”, дейилади ҳарбий департамент Матбуот хизмати хабарида.

Мудофаа вазирлиги парадда рақиб тарафдан тортиб олинган ҳарбий техниканинг маълум қисми ҳам намойиш қилинишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Парад

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг