Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидвор
Олам
−
25 Ноябрь 2020
5992Жорий йилнинг 9 ноябрь куни имзоланган уч томонлама баёнотга биноан, Россия Федерациясининг тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғдаги алоқа линияси ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилган бўлиб, унинг давомийлиги автоматик равишда узайтириш имконияти билан ҳар беш йилда бир белгиланади. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди.
Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, Россия тинчликпарвар кучларининг Тоғли Қорабоғда қолиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.
“Бу эришилган сиёсий келишув масаласи. Беш йиллик даврда, албатта, минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиш зарур. Аммо Қорабоғ можароси чўзилиб кетгани сабаб, мен Россия тинчликпарвар кучларининг Қорабоғда қолиш муддати беш йил билан чекланиб қолади, деб ўйламайман”, дейди Пашинян.
Никол Пашинян ҳозирги пайтда асосий масала минтақада барқарорликни ва Тоғли Қорабоғ фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш эканини таъкидлаб, Россия тинчликпарвар кучларининг ўз миссияларини мукаммал амалга оширишига ишонишини билдирди.
“Беш йиллик давр – бу жараённинг бошланиши. Бу ерда автоматик янгиланиш имконияти мавжуд. Ўйлайманки, ҳозирги пайтда асосий масала минтақада барқарорликни ва Тоғли Қорабоғ фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашдир. Менимча, Россия тинчликпарвар кучлари бу мақсад йўлида муваффақиятли ҳаракат қилишади ва ушбу миссияни мукаммал амалга оширишга қодир”, дейди Бош вазир.
Маълумки, уч томонлама баёнотда Тоғли Қорабоғнинг мақоми тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган. Унинг мақоми ноаниқ бўлиб қолмоқда. Ҳозирги ўзгарган шароитда Қорабоғнинг мақоми масаласига қандай ёндашиш керак? Бу ҳақда Пашинян шундай дейди:
“Аслида Минск гуруҳи ҳамраислари ўртасида келишув мавжуд ва Арманистон ушбу нуқтаи назардан рози. Шундай экан, музокаралар жараёни Минск гуруҳининг ҳамраислари доирасида давом этиши керак. Қўшма баёнотда ҳал қилинмаган масалалар Минск гуруҳи ҳамраислари доирасида мунозара мавзуси бўлиши керак. Сиз Арманистоннинг Тоғли Қорабоғ бўйича позициясини биласиз ва бизнинг позициямиз, албатта, ўзгармади”, дейди Пашинян.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.
Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади.
Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.
Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси