Озарбайжон Франциянинг “маккор сиёсати”дан ташвишда
Олам
−
16 Август 2023
4733Кеча, 15 август куни Франция Ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна ўзининг арманистонлик мавқедоши Арарат Мирзоян билан бугунги БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши олдидан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Кетрин Колонна Қорабоғ аҳолиси саккиз ойдан ортиқ вақтдан бери мавжуд вазиятдан азият чекаётганидан хавотирини билдирган. У мазкур ҳолат ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларга зид келиши ва музокаралар жараёнига зарар келтиришини айтган.
Вазир Лочин йўлаги бўйлаб ҳар икки йўналишда ҳам одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини тиклаш, аҳолини газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш зарурлигини яна бир бор таъкидлаган.
Унинг эслатишича, Озарбайжон ўзининг халқаро мажбуриятларини, хусусан, Халқаро Суднинг 22 февралдаги қарорида мажбурий этиб белгиланган вақтинчалик чораларни бажариши шарт. Кетрин Колонна арманистонлик мавқедошини Франция Қорабоғ аҳолисини қўллаб-қувватлашига, бунинг учун Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг гуманитар ташаббусларига қўшимча 3 миллион евро ажратишига ишонтирган.
Франция ва Арманистон Ташқи ишлар вазирлари 15 август куни Европа Иттифоқи кузатувчи миссиясига қарата ўт очилгани ҳолатига ҳам тўхталган. Франция ТИВ раҳбари ушбу воқеадан хавотирда эканини ва Европа миссиясини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Бугун, 16 август куни эса Баку Парижнинг юқоридаги айболовларини асоссиз деб атади.
“Яна бир бор эслатиб ўтмоқчимизки, Озарбайжоннинг Лочин йўлагида фуқаролар, транспорт воситалари ва юклар хавфсизлигини кафолатлаш мажбуриятига мувофиқ, шунингдек, Арманистон томонидан ҳарбий ва ноқонуний иқтисодий мақсадларда суиистеъмол қилинишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган чегара пункти фаолиятини блокада сифатида кўрсатиш абсурддир”, дейилади Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Вазирлик Франция томони Арманистоннинг манипуляциясидан сўнг, Европа Иттифоқи ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан маъқулланган ушбу йўналишлардан фойдаланиш бўйича келишувни қўллаб-қувватламаганидан афсусдалигини айтган.
ТИВга кўра, Франциянинг Арманистон ва унга бўйсунувчи сепаратистик режим томонидан ушбу муқобил йўллардан фойдаланиш бўйича эришилган келишувнинг бузилишига нисбатан муносабат билдирилмаётгани – бу давлатнинг минтақадаги кескинликни янада оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларидан далолат.
“Франция томони ҳам яхши билади, агар арманистонликлар ҳақиқатан ҳам кундалик товарларга муҳтож бўлса, Озарбайжон томони бунинг учун Агдам-Хонкенди йўли ва бошқа муқобил йўналишларни таклиф қилган. Қарийб 30 йил давомида озарбайжонларни ўз уйларидан оммавий қувғин қилиш, уларга қарши ҳарбий жиноятлар содир этишга ҳеч қачон аҳамият бермаган Франция, энди арман аҳолисидан фойдаланиб, Арманистоннинг ёлғон тарғиботига таяниб, минтақада ўзининг маккорона сиёсатини амалга оширишга ҳаракат қилаётгани жиддий ташвиш уйғотади”, дейилади расмий Баку баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 август куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги БМТга Қорабоғдаги гуманитар вазиятни муҳокама қилиш учун Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказиш талаби билан мурожаат қилганди. Баку эса Арманистоннинг бу ҳаракатини ушбу халқаро ташкилотни манипуляция воситасига айлантиришга уриниш сифатида баҳолади. Кейинчалик БМТ Хавфсизлик Кенгашининг шу мавзудаги йиғилиши бугун, 16 август куни бўлиб ўтиши маълум қилинди.