Ереван БМТ Хавфсизлик кенгашини манипуляция воситасига айлантирмоқчи – Баку
Олам
−
14 Август 2023
2547Озарбайжон Арманистоннинг Лочин йўли атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш учун Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказиш ҳақидаги илтимоси билан БМТга мурожаат йўллаганини Ереван томонидан ушбу халқаро ташкилотни манипуляция воситасига айлантиришга уриниш сифатида баҳолади. Бу ҳақда бугун, 14 август куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган баёнотда айтилди.
“2022 йил декабрдаги биринчи муваффақиятсизликка қарамай, Арманистон яна бир бор БМТ Хавфсизлик кенгашини сиёсий, ҳарбий ва ахборот манипуляцияси кампанияси воситасига айлантиришга уринмоқда. Арманистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига минтақадаги “гуманитар вазиятнинг ёмонлашуви” ва “давом этаётган блокада” ҳақидаги асоссиз даъволари билан боғлиқ мурожаати Ереван атайлаб ва мақсадли равишда халқаро ҳамкорлар орқали мувозанатли, халқаро ҳуқуққа асосланган ва мақбул ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилаётган бир вақтда содир бўлди", дейилади баёнотда.
Шунингдек, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Арманистон томонини юк ташиш ва икки томонлама музокараларни йўлга қўйиш бўйича келишувларни бузишда айблаган.
“Яқинда интенсив маслаҳатлашувлар ва шаттл дипломатиясининг саъй-ҳаракатларидан сўнг Қорабоғ минтақасига турли йўналишлар бўйича гуманитар юкларни етказиш, шунингдек, Озарбайжон махсус вакили ва маҳаллий арман вакиллари ўртасида учрашув ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бироқ 5 август куни Арманистон ўзини ўзи эълон қилган режим орқали сиёсий мотивдаги ноқонуний шарт-шароитларни илгари сурди ва турли баҳоналар билан сўнгги лаҳзада иккала келишувдан ҳам воз кечди”, дейди расмий Баку.
Ҳужжатда таъкидланишича, агар Арманистон ва унга бўйсунувчи ўзини ўзи эълон қилган тузилма келишувларни бажарган бўлса, август ойи бошида Озарбайжоннинг Қорабоғ вилояти аҳолисига гуманитар юкларни етказиб бериш, шунингдек, одамларнинг саёҳат қилиш йўналишларини осонлаштириш учун мақбул асос яратиш орқали масала ҳал этилган бўларди.
Баёнотда қайд этилишича, Озарбайжон Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси билан жадал ҳамкорлик қилиб, вазиятдан чиқиш йўлларини изласа ҳам, Арманистон бу дипломатик саъй-ҳаракатларга атайлаб тўсқинлик қилмоқда.
“Арманистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаати ушбу кампаниянинг бир қисми бўлиб, унда иштирок этаётган томонлар, жумладан, Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг саъй-ҳаракатларига жиддий зарба бўлади”, деб ҳисоблайди расмий Баку.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 август куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ереван БМТга Қорабоғдаги гуманитар вазиятни муҳокама қилиш учун Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказиш талаби билан мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эди.