Назарбоев Қозоғистондаги тартибсизликлар нима мақсадда уюштирилганини айтди
Олам
−
18 Январь 2022
19407Қозоғистонда бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлардан мақсад республика яхлитлиги ва давлат асосларини барбод қилиш бўлган. Бу ҳақда мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев халққа йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.
“Январь воқеалари бутун Қозоғистонни ларзага солди. Қозоғистонга уюштирилган бу тартибсизликлар ва ҳужумлардан мақсад мамлакат яхлитлиги ва давлатимиз пойдеворига зарба бериш эди. Бу воқеалар мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва унга мўрт идишдек эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кераклигини яна бир бор кўрсатиб турибди”, дейди Назарбоев.
Унинг сўзларига кўра, фожиа барча қозоғистонликлар учун сабоқ бўлган.
“Вайронагарчилик ва қотилликларни ким уюштирганини аниқлаш муҳим. Тергов натижалари бу саволга жавоб бўла олади. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман”, дея сўзида давом этган Элбоши.
Маълумот учун, Назарбоев мурожаатида мамлакатда элита ўртасида зиддият йўқлигини, ҳокимият тўлиғича Президент Тўқаевда эканини таъкидлади.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь