НАТО ядро қуролидан фойдаланишга тайёрланиши керак – немис генерали
Олам
−
18 Июнь 2022
11270НАТОга аъзо давлатларнинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти фавқулодда хавфсизлик таҳдиди юзага келган тақдирда ядро қуролидан фойдаланишга тайёр туриши зарур. Бу ҳақда Германия ҳарбий-ҳаво кучлари бош инспектори, генерал-лейтенант Инго Герхарц маълум қилди. Бу ҳақда “Нandelsblatt” нашри хабар берди.
“Ишончли тўхтатиб туриш учун воситалар ва зарурат туғилганда ядровий тийиб туришни амалга ошириш учун сиёсий ирода керак”, дейди Герхарц.
Маълумот учун, 29-30 июнь кунлари Испанияда НАТОга аъзо 30 та мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади.
Ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Мадриддаги саммитда иштирок этиши кутилаётганини тасдиқлади.
Қай этиш керакки, Украина энг қисқа вақт ичида НАТО мамлакатлари томонидан қуроллантиришга ўтиш зарур бўлган вазиятга тушиб қолди. Президент девони артиллерия, танклар, бронетехника ва бошқа қуролларга эҳтиёж борлигини аллақачон айтган.
13 июнь куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников Украина бир ой ичида қуролларини НАТО стандартларига ўтказиши мумкинлигини маълум қилди. 15 июнь куни НАТО Украина Қуролли Кучларини Ғарб қуролларига ўтказиш режасини тайёрлаётгани маълум бўлди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси