НАТО Украинадаги можарога аралашади, агар...
Олам
−
13 Март 2022
60746Агар Россия кимёвий қурол ишлатса, Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) Украинадаги можарога аралашмаслик бўйича ўз позициясини қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда Польша Президенти Анжей Дуда BBC нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Оммавий қирғин қуролидан фойдаланиш ўйиннинг барча қоидаларини ўзгартиради. Хавф нафақат Европани, балки бутун дунёни қамраб олади. Бундай вазиятда НАТО бирор нарсани ҳал қилиши керак”, дея огоҳлантирди Анжей Дуда.
Польша Президентига кўра, Москванинг Украинада кимёвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқарувчи лабораториялар фаолият юритиши ҳақидаги баёнотлари Россиянинг ўзи томонидан бундай қадамга тайёргарлик бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, Путин ҳозирги вазиятда кимёвий қуролдан фойдаланиши мумкин. Чунки у оғир аҳволда. Россия бу урушда аллақачон сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан мағлуб бўлган, у энди аниқ ғалаба қозонмайди.
Польша раҳбари Россияни кимёвий қуроллардан фойдаланишга қодир деб ҳисоблайди.
“Кремль ўз ҳаракатларини оқлаш учун баҳоналар ўйлаб топишда давом этмоқда. Аммо кимёвий қурол қўлланилиши сўзсиз уруш жинояти сифатида баҳоланади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украинада кимёвий қуролдан фойдаланиши мумкинлигини ва бу ҳаракатини оқлаш учун баҳона қидираётганини айтган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь