Наманганда зўрланган 5 яшар қизнинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилади – Шаҳноза Мирзиёева

3-саҳифа

−

image

Наманганда беш ёшли қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.

 

Қайд этилишича, фожиа юз берганидан буён Агентлик вазиятни назорат қилиб келмоқда. Дастлабки кунлардан бошлаб мутахассислар ва психологлар қизалоқ ҳамда унинг онаси билан ишламоқда.

Оилага барча зарур ёрдам ва кўмак кўрсатилиши белгиланган. Хусусан, уларга бошқа шаҳардан уй-жой ажратилади ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилади.

Шунингдек, қизалоқнинг онасига ўқиш ва ишга жойлашишда ёрдам берилади. Зарурият туғилса, оиланинг фамилиясини ўзгартиришга ҳам кўмаклашилади.

Шаҳноза Мирзиёеванинг билдиришича, оиланинг хавфсиз жойда янги ҳаёт бошлаши учун барча зарур шароитлар яратилади.

Мазкур масала Президент Администрацияси томонидан алоҳида назоратга олинган. Барча масъул идоралар воқеанинг дастлабки кунларидан бошлаб ишга жалб қилинган.

“Бу жиноят асло жазосиз қолмайди”, дея таъкидлади Шаҳноза Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганди. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олганди.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қизчани зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг