Москвадаги теракт қурбонлари 154 нафарга етди
Олам
−
24 Март
8033Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янгиланган рўйхатига кўра, 24 март куни Москва вақти билан соат 10:00 га келиб, "Крокус Сити Ҳолл"даги теракт қурбонлари сони 154 кишига етди.
Қайд этилишича, яраланганларнинг уч нафари шифохонадан чиқарилган, қолганлари эса Москва вилояти тиббиёт муассасаларида стационар даволанмоқда.
Олдинроқ, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 152 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди. Россия Фидерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников Россия Президенти Владимир Путинга 11 киши ҳибсга олинганини очиқлади.
Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.
Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 133 нафарга етгани ҳақида хабар берганди.