Польша Россия чегарасида махсус операция бошлади

Олам

−

image

Польша разведкаси Россия билан чегарадан қуролланган гуруҳлар мамлакат ҳудудига кириб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Шу сабабли мамлакатнинг Калининград вилояти билан чегарадош ҳудудларида махсус операция бошланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Польша полицияси бош коменданти Марек Бороннинг маълум қилишича, ўтган ҳафта мамлакат Ҳарбий разведка хизмати ва иттифоқчи давлатларнинг махсус хизматларидан Россия билан чегарада эҳтимолий диверсия ҳаракатлари юзасидан огоҳлантиришлар келиб тушган.

Унинг сўзларига кўра, бу хавф мамлакатда кузатилаётган диверсия, қўпорувчилик ва Шарқ махсус хизматлари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа гибрид фаолиятлар билан боғлиқ.

Махсус операция Польша шимоли-шарқидаги Вармия-Мазурия ва Подласк воеводаликларида ўтказилмоқда. Унда полиция, армия, чегара хизмати, махсус хизматлар ҳамда аксилтеррор бўлинмалари иштирок этмоқда. Чегара ҳудудларига бир нечта воеводаликлардан қўшимча полиция кучлари юборилган. Ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Полиция бош бошқармасида махсус штаб ҳам ташкил этилган.

Борон операция профилактик хусусиятга эга эканини таъкидлаган. Унинг билдиришича, асосий мақсад чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли, давлат муассасалари ва эҳтимолий нишонга айланиши мумкин бўлган бошқа объектлар хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Шунингдек, полиция раҳбари қўшимча кучларнинг чегарага юборилиши Польшада Конституциявий трибунал атрофида юзага келган сиёсий инқироз билан боғлиқ экани ҳақидаги тахминларни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Миллий мудофаа вазирлиги давлатнинг урушга тўлиқ тайёргарлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ишлаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг