Польша мамлакатни уруш ҳолатига ўтказиш тўғрисидаги қонунни тайёрламоқда
Олам
−
09:24 466 2 дақиқа
Польша Миллий мудофаа вазирлиги давлатнинг урушга тўлиқ тайёргарлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ишламоқда. Бу ҳақда “Rzeczpospolita” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужжат “Польша Республикасининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, қуролли кучлар ва ички хавфсизлик учун масъул хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш ҳамда амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни замонавий таҳдидларга, хусусан, гибрид, кибертаҳдидлар ва дезинформация таҳдидларига мослаштириш” учун мўлжалланган.
Республика Мудофаа вазирлигининг тушунтиришича, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси қўшинларни, шу жумладан иттифоқчи кучларни қайта жойлаштиришни тезлаштириш, Польшанинг мудофаага жавоб бериш режасини НАТОнинг жавоб бериш тизими меъёрлари билан боғлаш ҳамда зарур инфратузилмани тайёрлаш имконини беради.
Бундан ташқари, ҳужжат доимий навбатчилик тизимида ва давлат мудофаасини бошқаришни ташкил этишда иштирок этадиган идоралар ва муассасалар рўйхатини кенгайтиради. Шунга қарамай, қонун лойиҳаси уйга қайтиш имконияти чекланган бошқарув пунктларидаги фуқаролик хизматчиларининг ишлаш қоидаларини тартибга солади, ноҳарбий соҳадаги оператив режалаштиришга ва мудофаа дастурлари бўйича ҳужжатларга ўзгартиришлар киритади.
Шунингдек, тайёргарлик, мудофаа курслари ва мудофаа машғулотлари қоидаларига тузатишлар киритилади. Ҳозирги вақтда Польшанинг мудофаага тайёргарлигига оид ва давлат мудофаасини бошқариш тизимининг фаолияти билан боғлиқ ваколатлар Вазирлар Кенгашининг турли қарорларида белгилаб қўйилган, деб тушунтиради Мудофаа вазирлиги.
Қонун лойиҳаси вазирликда “пишитилиш” босқичида турибди. Унинг Польша Сеймига қачон тақдим этилиши ҳозирча номаълум. Қонун лойиҳасининг йўналишларини Миллий хавфсизлик бюроси (BBN) ҳам кутмоқда. Польша Мудофаа вазирлиги раҳбари Владислав Косиняк-Камиш тузатишлар киритиш заруратини Польша чегаралари яқинида ракеталар ва дронлар билан боғлиқ ҳодисалар тез-тез такрорланаётгани билан боғлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Агар НАТО жамоавий қарор қабул қилса ва шундай зарурат туғилса, Латвия ядро қуролини жойлаштириш мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси