Мирзиёев тожик-қирғиз чегарасидаги вазият бўйича Жапаров билан ҳам гаплашиб олди
Жамият
−
30 Апрель 2021
5839Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, суҳбатда минтақавий ҳамкорлик ва икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилган.
“Президентлар Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юзага келган вазиятни ва уни тез фурсатда ҳал қилишни муҳокама қилдилар. Қирғизистон ва Тожикистон томонлари вазиятни барқарорлаштириш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймасликка қаратилган келишувларга эришгани мамнуният билан қайд этилди”, дейилади хабарда.
Юзага келаётган барча баҳсли масалалар кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик руҳидаги мулоқот асосида ҳал қилиниши зарур экани таъкидланган.
Шунингдек, давлат раҳбарлари жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтган саммит якунида қабул қилинган қўшма қарор ва келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталган.
Қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш ва устувор лойиҳаларни илгари суриш мақсадида фаол алмашинувларни давом эттириш ва ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти олдида кўприк қуриш ҳаркатини бошлагани сабаб бўлди.
Жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тожикистон билан чегара ҳудудида қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида яна зиддият келиб чиқди.
Маълум қилинишича, можаро тожик томонининг Оқсой овули Кўк-Тош қишлоғидаги устунларга видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган.
Кейинчалик, Қирғизистон Тожикистонни чегарадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Ҳусайнзода қирғизистонлик дипломатга Қирғизистон Чегара хизмати вакилларининг мамлакатнинг вояга этмаган икки фуқаросига нисбатан қўллаган ноқонуний хатти-ҳаракатлари муносабати билан нота топширди.
29 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида, Боткен вилояти Кўк-тош қишлоғидаги “Головной” сув тақсимлаш пункти атрофида маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:00 да отишма бошланди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди.
Ўзбекистон чегарадаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
Қирғизистон эса Тожикистон билан қуролли тўқнашувлар бошланган чегара ҳудудига қўшимча ҳарбий бўлинмаларни юборишни бошлади.
Рўй берган ҳодисалар муносабати билан Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳамда бошқа вакиллар иштирокида музокара ўтказилди. Унда томонлар маҳаллий вақт билан соат 20:00дан (Тошкент вақти билан соат 21:00) ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги жойларига қайтариш бўйича келишувга эришди.
Кейинчалик, томонлар шошилинч чоралар кўриш учун ишчи гуруҳ тузиши ҳақида хабар берилди.
30 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди.
LiveБарчаси