Қирғизистонда тожикистонлик ўқувчилар калтакланди. Тожикистон қирғиз элчисига нота топширди
Олам
−
29 Апрель 2021
16491Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Ҳусайнзода қирғизистонлик дипломатга Қирғизистон Чегара хизмати вакилларининг мамлакатнинг вояга этмаган икки фуқаросига нисбатан қўллаган ноқонуний хатти-ҳаракатлари муносабати билан нота топширди. Бу ҳақда Тожикистон ТИВ Ахборот департаментига таяниб, “ASIA-Plus” хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, нотада Қирғизистон Давлат чегара хизмати вакилларининг Тожикистоннинг вояга этмаган икки фуқаросига нисбатан Исфара шаҳрининг Ворух жамоати Кулик ҳудудида қўллаган ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан чуқур хавотири билдирилган.
Музаффар Ҳусайнзода чегара зонасида кескинликка олиб келадиган бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини эълон қилди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Қирғизистон томонини воқеа учун айбдорларни жавобгарликка тортиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди. Шунингдек, у натижалардан тожик томонини хабардор қилишга чақирди.
“Тожикистон томони икки қардош халқнинг анъаналари ва муштарак маънавий ҳамда маданий қадриятлари асосида тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ҳурмат шароитида Қирғизистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини изчил ривожлантириш тарафдоридир”, дейди Музаффар Ҳусайнзода.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тожикистон билан чегара ҳудудида қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди.
Кейинчалик, Қирғизистон Тожикистонни чегарадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.
Маълумотларга кўра, можаро тожик томонининг Оқсой овули Кўк-Тош қишлоғидаги устунларга видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган.
LiveБарчаси