Мирзиёев ШҲТ саммитида Жапаровни кўрганидан хурсандлигини айтди
Жамият
−
10 Ноябрь 2020
13911Маълумки, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловидан кейин мамлакатдаги сиёсий вазият буткул ўзгариб, 2017 йилдан буён Президентлик курсисини эгаллаб келаётган Сооробай Жээнбеков истеъфога чиқди. Шу кунгача ҳибсда бўлган Садир Жапаров эса мамлакат Бош вазири лавозимини эгаллади ва амалдаги қонунчиликка кўра вақтинча Президент вазифасини бажарувчи ваколатини олди.
Бугун, 10 ноябрь куни Садир Жапаров Қирғизистон раҳбарияти номидан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Ушбу саммитда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жапаровни ШҲТ саммитида кўраётганидан хурсандлигини билдирди.
“Ҳурматли Садир Нурхожоевич Жапаровни саммитимизда кўриб турганимдан мамнунман”, дейди Мирзиёев ўз нутқи аввалида.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Қирғизистондаги ҳолатга нисбатан муносабат билдириб, шундай дейди:
“Ўзбекистон энг яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистон халқини тинч тараққиёт ва фаровонлик сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди”.
Ўзбекистон раҳбарияти бугунгача Тоғли Қорабоғдаги можароли вазият юзасидан муносабат билдирмай келаётган эди. Фақатгина Ташқи ишлар вазирлиги Қорабоғдаги қуролли тўқнашувлар бошланганда Озарбайжон ва Арманистонни ўт ўчишни тўхтатиш ва сиёсий музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Айни кунларда эса Қорабоғдаги вазият бироз ўнгланди. Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари иштирокида қўшма ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитидаги нутқида ушбу ҳужжатни олқишлади.
“Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги ўт очиш ва барча ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган келишувларни олқишлаймиз. Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдирамиз”, дейди Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 10 ноябрь соат 00:00 дан Тоғли Қорабоғда ўт очиш ва ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди. Ҳарбий ҳаракатлар 27 сентябрь куни бошланганди. Тўқнашувларнинг бошланишида расмий Баку ва Ереван бир-бирини айблаган.
Минтақада уруш якунлангач, қочқинлар БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги воситачилигида Тоғли Қорабоғга қайтарилади.
Маълумот учун, Арманистон Бош вазирининг ушбу баёнот имзолангани ҳақидаги хабаридан кейин Ереванда норозилик намойиши бошланди. Одамлар Ҳукумат ва парламент биносига бостириб кирди.
LiveБарчаси