Қирғизистонда Президент ваколати ҳам Жапаровга ўтди
Олам
−
15 Октябрь 2020
11552Бугун, 15 октябрь куни Бишкекдаги Эски майдонда Бош вазир Садир Жапаров тарафдорлари тўпланди. Бу жойга Қирғизистон Ҳукумати раҳбари ҳам етиб келди ва энди Президентнинг ваколатлари ўзига ўтганини маълум қилди.
“Мен сизларни ғалаба билан табриклайман. Бугун барчаси ўз ўрнига тушди. Собиқ Президент истеъфога чиқди, парламент спикери Канат Исаев унинг вазифаларини бажаришни истамади. Энди Президент ва Бош вазир ваколати менга ўтди. Ишончингиз учун миннатдорлик билдираман”, деган Садир Жапаров.
У йиғилганлардан тарқалишни сўради.
Эслатиб ўтамиз, бугун Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди. Унинг ўрнини Конституцияга кўра, парламент спикери Канат Исаев эгаллаши керак эди. У бу вазифани бажаришдан бош тортди. Натижада Президент ваколатлари Бош вазирга ўтди. Эндиликда Жапаров Президент вазифасини бажарувчи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистондаги сиёсий инқироз мамлакат парламенти спикери ва Бош вазир алмашишига, бунинг ортидан эса Президент истеъфо беришига олиб келди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.
Бугун, 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Қирғизистоннинг янги Ҳукуматини тан олди.
LiveБарчаси