Мирзиёев мўғулистонлик бизнесменлар билан илк бор учрашув ўтказди
Жамият
−
24 Июнь
4095Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат ишбилармонлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Мўғулистоннинг ва Ўзбекистон етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди. Қайд этилишича, бундай форматдаги учрашув Мўғулистон билан илк бор ўтказилган.
“Биз мавжуд салоҳият ва имкониятлардан деярли фойдаланмаётганимизни таъкидладик. Шу муносабат билан яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали каррасига ошириш вазифасини қўйдик”, деган Шавкат Мирзиёев.
Маълум қилинишича, тез фурсатда Мўғулистон ва Ўзбекистонда савдо уйларини очиш ҳамда икки мамлакат пойтахтларида саноат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ва бозорларга киришни енгиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашга келишиб олинган.
Президент Мирзиёев мўғул компаниялари билан саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Бундан ташқари, Мўғулистондан чорва, гўшт ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини импорт қилиш ҳамда тўқимачилик ва тайёр қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди. Бу йўналишдаги ҳамкорлик доирасида “Ҳалол” стандартига мос гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма кластерлар, жун ва терини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Мўғулистон билан 14 та шартнома имзолагани ҳақида хабар берилганди.