Мирзиёев Лукашенко билан музокара ўтказди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 8 февраль куни Беларусь резиденти Александр Лукашенко билан тор доирада ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Лукашенкога яқин бўлган “Пул Первого” каналининг ёзишича, тор доирадаги музокаралар 1 соат-у 47 дақиқа давом этган.

Шавкат Мирзиёев учрашувни очар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлаган.

Александр Лукашенконинг ушбу ташрифига тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилган.

Ҳукумат раҳбарлари, парламентлар, вазирлик ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.

Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳдлашиб олди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. Билдирилишича, ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошган. Ҳукуматлар олдига ушбу кўрсаткични яқин йилларда 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилган.

Шу мақсадда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт-импорт етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимини жорий қилиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун қулай шароит яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мультимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олган.

Шунингдек, кооперация алоқаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланишича, кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайган.

"Музокараларда кооперациянинг устувор йўналишларини белгилаб берилди. Булар – қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқалар. Барча йўналишлар бўйича алоҳида ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинди. Мирзиёев ва Лукашенко ҳудудлараро алмашинув фаоллашганини олқишлади", дейилади бу ҳақдаги хабарда. 

Куни кеча ўтган Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари иккинчи форумининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди: унинг якунлари бўйича қиймати 1 миллиард доллардан зиёд шартнома ва битимлар имзоланган.

Бундан ташқари, йиғилишда расмий делегациялар аъзоларининг ҳисоботлари, музокаралар кун тартибидаги масалалар юзасидан аниқ таклифлари тингланган.
Учрашувлар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 февраль куни Лукашенко Ўзбекистонга келган, уни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олганди. Шундан сўнг Президент Мирзиёев Лукашенко билан бирга хоккей ўйинини томоша қилишга “Ҳумо Арена” муз саройига борди. У ерда олий мартабали меҳмонларга уларнинг исмлари туширилган хоккей кийими топширилди. Бугун, 8 февраль куни Лукашенко Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Кейин “Кўксарой” қароргоҳида Александр Лукашенкони расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Беларусь Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг