Шавкат Мирзиёев Уммоннинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди
−
21:44 292 1 minute
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Уммон Султонлигига давлат ташрифи давомида ушбу мамлакат Инвестициялар агентлиги президенти Абдусалом ал-Муршидий бошчилигидаги йирик бизнес вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Уммон Савдо-саноат палатаси раиси Шайх Файсал ал-Равас, “SABCO Group” директорлар кенгаши раиси Саид Холид бин Ҳамад ал-Бусайдий, “Voltamp Energy” директорлар кенгаши раиси Саид Айман ал-Бусайдий, “Asyad Group” бош ижрочи директори Абдураҳмон бин Салим ал-Ҳатмий, “Zubair Corporation” компанияси бошқаруви кенгаши раиси Рашад Муҳаммад ал-Зубайр, “UzOman” компанияси раҳбари Умар Баҳром иштирок этган.

Тадбирда Ўзбекистон – Уммон инвестиция компанияси устав капиталини ошириш, тоғ-кон, “яшил” энергетика, электротехника, кимё, шаҳарсозлик, транспорт ва логистика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва бошқа истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан тўғри мулоқотни таъминлашда янги ташкил этилаётган Ўзбекистон – Уммон ишбилармонлар кенгашининг фаолияти муҳим ўрин тутиши таъкидланган.

Учрашув якунида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва бажарилган ишлар натижаларини ҳар чоракда муҳокама қилиб боришга келишиб олинган.
Live
All