Мирзиёев Кошта ва фон дер Ляйен билан Афғонистон масаласини муҳокама қилди
Жамият
−
03 Апрель
2129Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 апрель куни Самарқанд саммити доирасида мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари, жумладан, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилган.
“Турли даражалардаги фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар, амалий ҳамкорликнинг институционал механизмлари доирасида самарали ишлар олиб борилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланишга тайёрланмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ортиб бормоқда. Европанинг етакчи компаниялари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари портфели 30 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда. Ўзбекистон Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йирик бенефициари ҳисобланади, Тошкент шаҳрида Европа инвестиция банкининг минтақавий ваколатхонаси очилмоқда.
“EИнинг бош институтлари раҳбарлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурини, шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юксак баҳоладилар ва қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирдилар”, дейилади хабарда.
Музокараларда асосий эътибор инновациялар, "яшил" энергетика, тоғ-кон тармоғи, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суришга қаратилган. Туризм, маданият, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Бўлажак "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи олий даражадаги саммит кун тартибидаги масалалар ҳамда Европанинг "Глобал дарвоза" стратегияси доирасида икки минтақанинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илк саммит 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади ва унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирок этади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 апрель куни мазкур саммитда қатнашиш учун Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб борганди. Мирзиёев кеча, 2 апрель куни кечқурун Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан, бугун, 3 апрелда эса Урсула фон дер Ляйен билан учрашув ўтказди.
Бугун, 3 апрель куни эса Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Самарқандга келди.
LiveБарчаси
Пезешкиён Озарбайжонга етиб борди.
28 Апрель