Мирзиёев Эрон халқига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
06 Январь
8793Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг Кирмон шаҳрида содир бўлган теракт муносабати билан мавқедоши Иброҳим Раисийга мактуб йўллаб, Эрон ҳукумати ва халқига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги хабар берди.
“Кирмон шаҳрида содир бўлган даҳшатли террорчилик ҳаракати чоғида кўп сонли эронликларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақидаги хабар қалбларимизни қайғу ва таассуфга тўлдирди. Ушбу қайғули дамларда Жаноби Олийларига ҳамда қардош ва дўст Эрон халқига чуқур ҳамдардлик билдираман”, деган Мирзиёев мактубда.
Ўзбекистон Президенти ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва барча яқинларига таъзия билдирган ҳамда жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни Эроннинг Кирмон шаҳрида Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллигига бағишланган маросим ўтказилаётган қабристон яқинида иккита портлаш содир бўлганди. Маҳаллий матбуотда теракт қурбонлари 100 дан ошгани хабар қилинганди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу кўрсаткични олдинроқ баъзи қурбонлар икки мартадан нотўғри ҳисоблангани билан изоҳлади. Кейинчалик портлашлар содир этган икки худкуш-террорчидан бири Тожикистон фуқароси бўлгани аниқланди.
LiveБарчаси