Сулаймоний қабри яқинидаги теракт оқибатида 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Олам
−
03 Январь
8634Эроннинг Кирмон шаҳрида Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллигига бағишланган маросим ўтказилаётган қабристон яқинида иккита портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Эрон расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, қурбонлар сони 70 нафардан ошган, 170 га яқини яраланган.
“Портлашлар терактлар туфайли содир бўлган”, дейилади давлат матбуотида Кирмон вилоятидаги маҳаллий амалдорнинг сўзларидан иқтибос келтириб.
“Nournews”нинг ёзишича, қабристонга олиб борувчи йўлда бир нечта газбаллонлари портлаган.
Давлат телевидениеси Қизил ярим ой қутқарувчилари юзлаб эронлик иштирок этган мотам маросимида ярадорларни даволаётганини айтмоқда.
Маълумот учун, бундан роппа-роса 4 йил аввал, 2020 йил 3 январь куни АҚШ ҳаво ҳужуми оқибатида Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний ҳалок бўлганди. Унинг дафн маросимида тиқилинч бўлиб, камида 56 киши ҳалок бўлган ва 200 дан ортиқ киши жароҳат олган.