Эронда теракт уюштирганлардан бири тожикистонлик бўлган – “Tasnim”
Олам
−
06 Январь
6765Генерал Қосим Сулаймоний дафн этилган Кирмон шаҳридаги қабристон яқинида портлашлар содир этган икки худкуш-террорчидан бири Тожикистон фуқароси бўлган. Бу ҳақда Эрон разведка вазирлигига таяниб, “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, иккинчи террорчининг шахси аниқланмоқда. Шунингдек, Кирмон шаҳрида ҳам худкушлардан икки нафари истиқомат қилган уй топилган. Унда фойдаланишга тайёр портловчи қурилмалар, жумладан, портловчи камарлар бўлган.
“Fars” агентлигининг Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, Эрон хавфсизлик кучлари “жиноятга алоқадор муҳим далиллар”ни аниқлаган. Портлашлар содир бўлган жойда икки худкушнинг жасади топилган.
Шунингдек, терактга алоқадорликда гумон қилиниб, 11 киши ҳибсга олинган.
Ички ишлар вазирлиги 89 киши теракт қурбони бўлгани, улардан 12 нафари Афғонистон фуқаролари эканига аниқлик киритган. Ҳалок бўлганлар орасида 9 нафари 10 ёшгача бўлган бола ва 30 нафари 18 ёшгача бўлган ўсмирлардир.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни Эроннинг Кирмон шаҳрида Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллигига бағишланган маросим ўтказилаётган қабристон яқинида иккита портлаш содир бўлганди. Маҳаллий матбуотда теракт қурбонлари 100 дан ошгани хабар қилинганди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу кўрсаткични олдинроқ баъзи қурбонлар икки мартадан нотўғри ҳисоблангани билан изоҳлади.
LiveБарчаси