Сулаймонийнинг қабри яқинидаги терактда ҳалок бўлганлар юздан ошди

Олам

image

Эрон жанубидаги Кирмон шаҳридаги қабристон яқинида содир бўлган икки портлаш оқибатида камида 103 киши ҳалок бўлди, 170 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди. 

Йиғилганлар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Қудс кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймоний вафотининг тўрт йиллигига бағишланган маросимда иштирок этган. Маросим чоғида иккита портлаш содир бўлган. Эрон расмийлари воқеани теракт деб атади.

Эрон Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий биринчи портлаш маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида содир бўлганини, одамлар ва қутқарувчилар ёрдам учун воқеа жойига етиб келганида, иккинчи портлаш содир бўлганини айтди. 

BBC Fars хизматининг маҳаллий манбаларга таяниб ёзишича, портлашлар Голзар Шаҳада йўлидаги Саҳеб аз-Замон масжиди яқинида – биринчиси Қосим Сулаймоний қабридан 700 метр масофада, иккинчиси эса бир километр узоқликда содир бўлган.

Айрим маълумотларга кўра, бомбалар икки сумкага солинган ва масофадан туриб портлатилган, бироқ бу маълумот ҳали расман тасдиқланмаган.

Халқаро Қизил ярим ой жамиятининг Эрон бўлими ярадорлардан кўпчилигининг аҳволи оғир эканини маълум қилди.

Маълумот учун, Эрон ташқи сиёсатининг идеологи бўлган Қосим Сулаймоний 2020 йилда ўзи жойлашган бинога АҚШ ҳаво ҳужуми уюштиргани оқибатида вафот этган. Унинг дафн маросимида одамларнинг кўплиги туфайли 56 киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 январь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мазкур теракт оқибатида вафот этганларнинг оила аъзоларига ва Эрон халқига ҳамдардлик билдирганди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам Кирмондаги теракт муносабати билан Эрон раҳбариятига ҳамдардлик билдириб, Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий ва Эрон Президенти Иброҳим Раисийга тегишли мактуб йўллаган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги эса қабристон яқинидаги портлашларни кескин қоралади. Эрон Президенти Иброҳим Раисий терактнинг айбдорлари ва ташкилотчилари топилиб, жазоланишига ваъда берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Қосим Сулаймоний Кирмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг