Мирзиёев Ашхободга етиб борди
Жамият
−
10 Октябрь
5397Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 октябрь куни амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарини аэропортда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Тангригули Атахаллиев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Асосий тадбирлар эртага, 11 октябрь куни бўлиб ўтади.
Ўзбекистон етакчиси туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган " Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси" халқаро форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлайди.
Шавкат Мирзиёев тадбир доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
Маълумот учун, эртага, 11 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замонлар ва цивилизациялар ўзаро алоқаси – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форуми бўлиб ўтади. Анжуманда 10 дан ортиқ давлат Президентлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТЮРКСОЙ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва UNESCO раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳам иштирок этишини маълум қилинганди. Шунингдек, мазкур тадбир доирасида Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашиб, Яқин Шарқдаги кескин ёмонлашган вазиятни муҳокама қилиши хабар қилинганди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 10 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистонга борди.