Тўқаев Ашхободга биринчи бўлиб борди
Олам
−
10 Октябрь
6704Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 10 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистонга борди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Ашхобод аэропортида Тўқаевни туркман халқи миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслахати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди. Аэропортда тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Фахрий қоровул бошлиғининг ҳисоботидан сўнг икки давлат мадҳиялари янгради.
Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Туркманистонга расмий ташрифи Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашувдан бошланди. Президент Халқ Маслахати раисига меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдириб, унинг Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини таъкидлади.
Давлат раҳбари Қозоғистон-Туркманистон муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Туркманистонга расмий ташриф давлатлараро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
“Мамлакатингиз билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласига катта масъулият билан ёндашамиз. Биз стратегик ҳамкорлармиз. Бугун сиз ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолияти ҳақида гапирдингиз. Мен ҳам ишларни кузатдим, ҳукуматга қайси йўналишда ҳаракат қилиш, қандай қарорлар қабул қилиш бўйича кўрсатмалар бердим, чунки Туркманистон билан чинакам дўстона муносабатлар биз учун устувор вазифадир”, деди Қосим-Жомарт Тўқаев.
Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистон Президентини қутлаб, унинг Туркманистонга расмий ташрифи чоғида эришиладиган келишувлар икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Учрашув давомида икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг асосий масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ташриф доирасида Қосим-Жомарт Тўқаев ва Президент Сердар Бердимуҳамедов ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Давлат раҳбари Ашхободда Абай ҳайкалини ҳам очади, “Замон ва цивилизациялар ўзаро алоқаси – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форумида иштирок этади.
Маълумот учун, эртага, 11 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замонлар ва цивилизациялар ўзаро алоқаси – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форуми бўлиб ўтади. Анжуманда 10 дан ортиқ давлат Президентлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТЮРКСОЙ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва UNESCO раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳам иштирок этишини маълум қилинганди. Шунингдек, мазкур тадбир доирасида Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашиб, Яқин Шарқдаги кескин ёмонлашган вазиятни муҳокама қилиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси
06 Ноябрь