Путин Пезешкиён билан илк бор Ашхободда учрашади
Олам
−
08 Октябрь
4512Россия Президенти Владимир Путин 11 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашиб, Яқин Шарқдаги кескин ёмонлашган вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
“Биз бир учрашув бўйича келишиб олдик, бу Эрон Президенти Пезешкиён билан”, деган Ушаков журналистларга Путиннинг Ашхободга бўлажак ташрифи ҳақида гапирар экан.
Россия раҳбари Туркманистонга “Замонлар ва цивилизациялар муносабатлари – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форумида иштирок этиш учун келади. Ушаковнинг сўзларига кўра, Путин тадбир доирасида икки томонлама учрашувлар ўтказиши мумкин.
“Ушбу учрашув икки томонлама масалаларни муҳокама қилиш учун ҳам, Яқин Шарқдаги кескинлашган вазиятни муҳокама қилиш учун ҳам катта аҳамиятга эга”, деди у.
Бу уларнинг Пезешкиён июнь ойида давлат раҳбари лавозимини эгаллаганидан кейинги илк учрашуви бўлади. Ушаковнинг қўшимча қилишича, Путин ва Пезешкиён ўртасидаги навбатдаги учрашув 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммити доирасида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Путин Туркманистонга охирги марта 2022 йил июнь ойида борган. Ўшанда у Каспий саммитида иштирок этиш учун Ашхободга келган ва республика раҳбари Сердар Бердимуҳамедов билан учрашган.
LiveБарчаси