Мирзиёев Туркманистонга боради
Жамият
−
08 Октябрь
10693Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замонлар ва цивилизациялар ўзаро алоқаси – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форумида иштирок этиши кутилмоқда.
Туркманистон Халқаро ахборот марказининг маълум қилишича, анжуманда 10 дан ортиқ давлат Президентлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТЮРКСОЙ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва UNESCO раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Кремль матбуот хизмати Россия Президенти Владимир Путиннинг мазкур тадбирда қатнашишини аллақачон тасдиқлади. Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳам иштирок этишини айтди.
Ушаковнинг аниқлик киритишича, Туркманистон расмийлари бу тадбир “кенг ва ҳурматли халқаро мулоқот ўрнатиш учун сиёсий, мафкуравий ва маънавий платформага” айланишига ишонмоқда.
“Форум доирасида ялпи мажлис ва расмий тушлик бўлиши кутилмоқда”, деди Юрий Ушаков.
Форум учта жойда бўлиб ўтади: Туркманистон Савдо-саноат палатаси ҳамда пойтахтнинг “Ýyldyz” ва “Garagum” меҳмонхоналарида. Манбанинг қайд этишича, тадбирга дунёнинг турли бурчакларидан 800 дан ортиқ журналист ташриф буюриши кутилмоқда.
“Форум нафақат фикр алмашиш майдони, балки Махтумқули Фироғий қолдирган умуминсоний қадриятларни муҳокама қилиш майдонига айланади. Унинг мероси маданиятлар ва даврлар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилиб, инсониятни илҳомлантиришда давом этмоқда. Иштирокчилар шоир ўз асарларида илгари сурган тинчлик ва тараққиётнинг фалсафий асослари муҳокамасини чуқурроқ ўрганишлари ва балки замонавий нутққа янгича урғу беришлари мумкин бўлади. Туркманистон глобаллашган дунёда ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлайдиган ушбу тарихий тадбирнинг бир қисми бўлишга тайёр меҳмонлар ва делегатларни интиқлик билан кутмоқда”, дейилади Туркманистон Халқаро ахборот маркази хабарида.
Маълумот учун, бугун, 8 октябрь куни Россия пойтахти Москвада МДҲ саммитининг асосий тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Кун тартибидан Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президенти Владимир Путин 11 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашиб, Яқин Шарқдаги кескин ёмонлашган вазиятни муҳокама қилиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь