2027 йилда асосий солиқ ставкалари оширилмайди

−

image

Ўзбекистонда 2027 йилда ҳам асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган 2027 йил учун Давлат бюджетининг мақсадли кўрсаткичлари, асосий макроиқтисодий прогнозлар ҳамда бюджет-солиқ сиёсатининг устувор йўналишлари юзасидан йиғилишда сўз борди.

Қайд этилишича, йиғилишда 2027 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий прогнозлар кўриб чиқилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2027 йилда 232 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, инфляция даражасини 2027 йилда 6 фоизга, 2028–2029 йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспорт ҳажмини 2027 йилда қарийб 40 миллиард долларга етказиш назарда тутилмоқда.

Тақдимотда 2027 йил учун Давлат бюджети даромадларини 416 триллион сўм, харажатларини эса 464 триллион сўм миқдорида белгилаш назарда тутилаётгани маълум қилинган. Бюджет лойиҳаси иқтисодий ўсишнинг 7 фоизлик прогнози асосида шакллантирилмоқда.

Жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, келгуси йилда инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик, умумий фискал тақчилликни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида сақлаш муҳим вазифа этиб белгиланган.

2027 йилда ҳам асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаш кўзда тутилмоқда. Бундай шароитда бюджет даромадларини кўпайтиришнинг асосий манбаи иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўлиши таъкидланган.

Шу муносабат билан рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали солиқ ва божхона тушумларини қўшимча ошириш, тадбиркорлар учун қулай ва шаффоф муҳит яратиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.

Президент бюджет харажатларининг ҳар бир сўми аниқ натижа бериши лозимлигини таъкидлаган. Шу боис, маблағларни мақсадли йўналтириш, самарасиз харажатларни қисқартириш, давлат инвестициялари ва субсидияларининг натижадорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, инвестиция дастури доирасидаги қурилиш лойиҳаларида бюджет маблағларининг сарфланишини тўлиқ кузатиб бориш имконини берадиган рақамли назорат тизимини синов тариқасида жорий этиш вазифаси қўйилган.

Йиғилиш иқтисодий ўсишни молиялаштиришнинг янги механизмлари ҳам муҳокама қилинган. Банк тизимида хусусий капитал иштирокини кенгайтириш, кредит ресурсларини кўпайтириш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланиш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Мутасаддиларга 2027 йилда 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича тармоқлар ҳамда ҳудудлар кесимида аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилган.

Йиғилишда билдирилган фикр ва таклифлар асосида 2027 йил учун Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинган.

Қонунчиликка мувофиқ, бу лойиҳа ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинади ҳамда якунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends