Медведев Украина Москванинг шартларига кўнмаса, нима бўлишини айтди

Олам

image

Украина Ғарб таъсири остида Россия Федерацияси билан музокараларда реал позициялардан узоқлашди ва мулоқотни тўхтатди, бу эса можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш имкониятларининг пасайишига олиб келади. Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев шундай фикр билдирди.

“Имкониятлар, афсуски, яхшиланмаяпти, аксинча, ёмонлашмоқда”, дейди у “Al-Jazeera” телеканалига берган интервьюсида вазиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Унинг сўзларига кўра, “бир мунча вақт аввал Украина гўёки асосий масалалар бўйича нисбатан реал позициядан келишиб олиш истагини кўрсатган.

Медведевнинг таъкидлашича, бу позиция воқеликларни тан олишда намоён бўлган. Булар ҳудудий ҳақиқатлар (Қрим билан нима содир бўлди, Донбасс билан нима бўлди), ва халқаро ташкилотлар, шу жумладан ҳарбий блоклар билан боғлиқ ҳақиқатлар.

“Бошқача қилиб айтганда, НАТОда иштирок этишдан бош тортиш ва бу йўналишда нейтрал сиёсат юритиш, шунингдек, қисман демилитаризация қилиш ва бошқа бир қатор муҳим, бизнингча, муҳим ишларни амалга ошириш”, дея қўшимча қилган у.

Медведевга кўра, қайсидир бир даврга келганда Киев Вашингтон ва Брюсселдан келаётган чақириқлар таъсирида музокараларни тўхтатган. Оқибатда вазият ёмонлашган.

Унинг фикрича, ҳозир “вазият бутунлай бошқача сценарийда ривожланмоқда”.

“Яъни, аслида, “махсус ҳарбий операция”нинг янада ривожланиши кузатилмоқда. Гарчи уларда бу борада биз билан келишишга ҳаракат қилиш ёки уриниб кўриш имкони бўлган. Бу нима билан таҳдид қилади? Нима билан экани аниқ. Афсуски, бу ҳам қурбонлар, ҳам вайронагарчиликлар билан боғлиқ ва охир-оқибат Украина содир бўлаётган воқеалар натижасида қўшимча ҳудудларни йўқотиши мумкин. Охир оқибат, бу Украинага таҳдид солади –келишишга рози бўлишдан бош тортиш, аслида битта нарса, миллий суверенитетни йўқотиш билан хафли”, дейди Медведев.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг