Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 миллиони ишсизлиги айтилди
Жамият
−
22 Февраль 2023
4766Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,3 миллион нафари ишсиз. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев пойтахтда ўтказилган “Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни илгари суриш” мавзусидаги халқаро конференцияда айтиб ўтди.
Вазирга кўра, ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2 миллион 200 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.
“Мамлакатимизда камбағалликни камайтириш ва бандликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим – ҳоким ёрдамчилари институти ташкил этилди. Ҳозирда республикадаги маҳаллаларда 10 минг нафарга яқин ҳоким ёрдамчилари фаолият юритиб, улар тадбиркорликни ривожлантириш бўйича хизмат кўрсатмоқда. Ҳоким ёрдамчилари орқали субсидиялар ажратиш, иш билан таъминлаш, касбий тайёргарликка жалб қилиш ва бизнес юритиш кўникмалари орқали қарийб 2,2 миллион кишининг бандлиги таъминланди”, дейди Мусаев.
Маълумотларга кўра, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республикада ишсизлик даражаси 8,9 фоизга туширилган. Қашшоқлик даражаси кўрсаткичи 17 фоиздан 14,1 фоизга камайган.
Жорий йилда барча имкониятлар ишга солиниб, Ўзбекистонда қашшоқлик даражасини 12 фоизгача камайтириш режалаштирилган.
Ҳозирда мамлакатда ишсизлар сони 1,3 миллионни ташкил этмоқда. Аммо Мусаев бу маълумотларни қаердан олганига аниқлик киритмаган. Мустақил институтлар ва нодавлат ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ишсизлар сони бўйича таҳлиллари Мусаев айтганидан анчага фарқ қилади.
Биргина 2022 йилда Россияга иш излаб борган 3,5 миллион фуқаронинг нақ 41,9 фоизи ёки 1,45 миллиони ўзбекистонликлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ўтган йили Россияга иш қидириб келган фуқароларнинг у ё бу давлатга мансублиги бўйича биринчи ўринни эгаллаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь