Россияга иш излаб борганларнинг 42 фоизини ўзбекистонликлар ташкил этди

Олам

image

2022 йилда Россияга ишлаш мақсадида келган хорижий фуқаролар сони 3,47 миллион кишини ташкил этди. Бу 2021 йилга нисбатан уч баравар кўп. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари эса мамлакатга келган барча меҳнат муҳожирлари орасида етакчи бўлган. Бу ҳақда “Finexpertizа” аудит ва консалтинг тармоғи таҳлилий хизмати маълум қилди.  

“Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилда 13 миллион хорижлик Россия чегарасини кесиб ўтган, улардан 3,47 миллион киши ёки барча кирувчиларнинг тўртдан биридан кўпроғи (26,6 фоиз) ўз келиш мақсади сифатида ишлашни кўрсатган”, дейилади материалларда. 

Коронавирус пандемияси авжига чиққан 2020 йилда чет эллик ишчилар оқими 1,1 миллион кишига қисқарди (11,2 фоиз ёки барча кирганларнинг тўққизтасидан бири). 2019 йилда пандемиядан олдинги даврда 4,1 миллион хорижлик ишлаш мақсадида келган (12,5 фоиз ёки ҳар саккизинчи).

“Ковиддан олдинги давр билан таққослаганда, 2022 йилда Россия Федерациясига кирган хорижликларнинг умумий сони 2,5 баравар кам бўлган, меҳнат муҳожирлари сони эса сезиларли даражада камайган – атиги 15,3 фоиз (ёки 626 минг киши)”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Россияга туризм (96 фоизга ёки 4,9 миллион), иш учрашувлари (89,7 фоиз ёки 3,1 миллион), шунингдек шахсий ташрифлар (61,2 фоиз ёки 10,3 миллион) учун келган хорижий фуқаролар ҳам бор.  

“Finexpertizа”  президенти Елена Трубникова 2022 йилда Россия меҳнат бозорига хос бўлган кўк ёқали ишчилар тақчиллиги кучайганини таъкидлади. 

“Ишчи мутахассисликлар соҳасида хорижлик ишчиларнинг улуши анъанавий равишда юқори бўлиб, уларга бўлган эҳтиёж энди янада ортди. Кадрлар танқислиги фонида курьерлар,  ҳайдовчилар, таъмирчилар, омборчилар, юк кўтарувчилар ва қурувчиларнинг маошлари ўса бошлади. Россия бозори рублнинг мустаҳкамланиши туфайли чет элликлар учун қўшимча жозибадорликни олди, бунинг натижасида хорижий валютадаги даромадлар сезиларли даражада ошди”, дейди у. 

Ишчи кучи оқими

Таҳлилий хизмат материалларидан маълум бўлишича, 2022 йилда Ўзбекистон ва Тожикистондан меҳнат муҳожирлари оқими сезиларли даражада ошган. Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Вьетнам, Молдова, Туркия, Туркманистон ва Хитойдан келган ишчилар сони ҳам сезиларли даражада кўпайган. Шу билан бирга, Арманистон, Украина, Сербия, Германия, Франция, Италия, АҚШ, Чехия, Австрия ва Нидерландия фуқаролари Россияга камроқ кела бошлаган. 

“2022 йилда Россияга ишлаш учун келган барча хорижликлар орасида энг катта улуш Ўзбекистон фуқаролиги ҳиссасига тўғри келади (41,9 фоиз ёки 1,45 миллион киши), чоракдан кўпроғини Тожикистон фуқаролари (28,4 фоиз ёки 986,7 минг киши) ташкил этди. Учинчи ўринда Қирғизистондан келган муҳожирлар бормоқда (16,2 фоиз ёки 562,6 минг киши)”, дея хабар беради “Finexpertizа”.

Бундан ташқари, Арманистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ҳам салмоқли улушга эга. Туркия, Хитой, Вьетнам ва Молдова ҳам асосий меҳнат донорлари ўнталигига киради. 

“Бошқа мамлакатларда туғилганлар жами 1,4% ёки 47,2 минг ишчини ташкил этди”, дейилади тадқиқотда. 

2022 йилда Россияга иш топиш учун нафақат собиқ иттифоқ республикалари ва географик жиҳатдан яқин мамлакатлар фуқаролари, балки узоқ хориждан келганлар, жумладан Сербия (3,6 минг киши), Германия (3,2 минг киши), Ҳиндистон (2,8 минг киши), Жанубий Корея (2,1 минг киши), Италия (2,1 минг киши), Франция (1,9 минг киши), Буюк Британия (1,5 минг киши) Литва (1,  3 минг киши) ва Финляндия (1,2 минг киши) фуқаролари келган. Россияга ишлаш учун келганлар орасида санкцияларни қўллаб-қувватлаган давлатлар – АҚШ (978 киши), Польша (779 киши),  Япония (756 киши) ва Канада (404 киши) вакиллари ҳам бор.  

Мали, Чад, Кабо-Верде, Боцвана, Вануату, Гвинея-Бисау ва Экваториал Гвинеядан бир киши ишлаш учун Россияга келган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг