Максим Галкин Индонезияга киритилмади
Олам
−
27 Январь
17028Россиялик юморист ва бошловчи Максим Галкин ўзининг Instagram'даги саҳифасида бугун, 27 январь куни Индонезияда концерт бериши кераклигини, бироқ мамлакатга киритилмаганини айтди.
Унинг маълум қилишича, бу ҳолат Россия сўрови билан амалга оширилган.
“Сабаби деярли дарҳол айтиб ўтилди ва чегара хизмати ходимлари томонидан бир неча бор такрорланди. Яъни, Россия ҳукуматидан мени Балига киритмасликни сўраб хат юборилган. Хат менга кўрсатилди, ундан нусха сўраганимда, хушмуомалалик билан рад этишди”, дейди қизиқчи.
Сафардан икки кун олдин унга иш визаси берилган, спектакль учун барча ҳужжатлар жойида бўлган. Галкин буни Индонезия ҳукуматининг расмий позицияси деб баҳолашни кулгили деб атади.
“Чунки улар мени шунчаки танимайдилар. Улар учун бир номаълум артистнинг муаммоларини тушунишдан кўра, Россия Федерациясининг сўровини қондириш осонроқ”, дея қўшимча қилган юморист.
Маълумот учун, 2023 йил октябрь ойида Галкиннинг "техник сабабларга кўра" Қозоғистондаги иккита концерти, 2024 йил январь ойи ўрталарида эса Таиланддаги чиқишлари бекор қилинганди.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери Галкин бир неча бор урушга қарши чиққан ва рафиқаси Алла Пугачёва билан бирга Исроилга кўчиб ўтганди. 2023 йилнинг октябрь ойида у ерни ҳам тарк этди. 2022 йил сентябрь ойида Россия Адлия вазирлиги Галкинни "хорижий агент" деб эълон қилди.