Индонезияда 90 йилдан бери кўринмаган заҳарли приматлар топилди
Бу қизиқ
−
10:29 350 2 дақиқа
Индонезиянинг Банка оролида қарийб 90 йилдан бери ёввойи табиатда кўринмаган Банка секин лориси мавжудлигини тасдиқловчи 90 дан ортиқ далил тўпланди. Бу ҳақда оролдаги Alobi Wildlife Rescue Center ҳайвонларни қутқариш маркази мутахассислари маълум қилди.
Қайд этилишича, олимлар 1937 йилдан буён ушбу приматни ёввойи табиатда кузатмаган. Банка секин лориси катта кўзли, тунда фаол бўладиган кичик примат ҳисобланади. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳайвон заҳарли тишлаш хусусиятига эга.
Унинг билаклари ички қисмида махсус суюқлик ажратадиган безлар жойлашган. Хавф туғилганда ҳайвон ушбу суюқликни ялаб, сўлаги билан аралаштиради. Натижада унинг тишлаши заҳарли бўлиб қолади. Бу одамда кучли аллергик реакция, ҳатто ҳаёт учун хавфли анафилактик шокка сабаб бўлиши мумкин. Секин лорилар заҳарли сутэмизувчиларнинг кам сонли турларидан бири ҳисобланади.
Шунга қарамай, олимлар ушбу турнинг келажагидан хавотирда. Банка секин лориси фақат майдони қарийб 12 минг квадрат километр бўлган Банка оролида яшайди. Оролда тахминан бир миллион киши истиқомат қилади.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш, ўрмонларнинг кесилиши ва аҳоли пунктларининг кенгайиши оқибатида ҳайвонларнинг табиий яшаш муҳити қисқариб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар Мисрдаги Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромлари қурилишида ишлатилган оҳактош қатламидан топилган қолдиқларни қайта ўрганиб, тахминан 45 миллион йил аввал яшаган тимсоҳнинг янги турини аниқлаган эди.
Live
Барчаси