Мадҳияни ўзгартириш. Президент бунга нима дейди?
Олам
−
30 Октябрь
9542Қирғизистон Президенти Садир Жапаров давлат мадҳиясини ўзгартиришни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда у “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Мадҳияни янгилашнинг нимаси ёмон? Ҳозирги мадҳиянинг ёзилганига 33 йил бўлди. Ўша пайтда биз эндигина мустақилликка эришгандик. Муаллифлар халқ озод ва мустақил бўлгани, тақдири унинг қўлида эканини ёзар экан, буни ҳаяжон ва қувонч билан битган. Ҳозир биз тўлақонли давлатга айландик. Дунёда таниқли бўлдик. Нима, 100 йилдан кейин ҳам мустақил давлат бўлганимизни куйлаймизми? Нега энди бизнинг беш минг йиллик тарихга эга мустақил давлат эканимизни, ёшлар ва келажак авлод руҳини кўтарадиган мадҳияни ёзмаслик керак?” дея савол қўйган Жапаров.
Шу билан бирга, у ҳозирги мадҳиянинг унутилмаслигини, биринчи мадҳия сифатида архивда қолишини таъкидлаган ва айрим одамларнинг давлат байроғини ўзгартиришга қарши бўлганини эслатган.
“Ҳозирги байроқ ёмонми? У олдингисидан яхши. У на кунгабоқар ва на арра диски кўринишида. Ҳозир одам байроққа қараса, дарҳол унинг қуёш эканини тушунади”, деди Жапаров бу масалада.
Қайд этиш жоиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Садир Жапаров мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган “Қирғизистон Республикасининг давлат рамзлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолаган эди. Қонун асосий давлат рамзларидан бири – мамлакат байроғини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган. Унга кўра, Қирғизистон байроғидаги қуёш нурларининг шакли тўлқинлидан тўғри чизиқларга ўзгартирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев давлат мадҳияси матнини ўзгартириш зарурлигини билдирган эди. Унинг фикрича, мадҳия ҳамма учун қулай, ритмик бўлиши керак. Шунда барча фуқаролар ёшидан қатъи назар уни исталган вақтда ва вазиятда осон ижро эта олади.