Лицензиясиз қолаётган “Миллион”, Тошкентдаги ЙТҲлар, рус авиабазасига ҳужум ва бошқа хабарлар

Жамият

13 июль санаси ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида бугуннинг энг муҳим воқеаларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Марказий банк ва Молия вазирлиги раддия билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг Bloomberg халқаро ахборот канали журналистига берган интервьюси юзасидан қўшма изоҳ берди.

ИИВда навбатдаги тайинлов амалга оширилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Марказий аппаратида раҳбарлик лавозимига тайинлов амалга оширилди.

Вазирлик Матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига подполковник Мансур Абдуғафурович Сатторов тайинланди.

Энг кўп абитуриент ҳужжат топширган ОТМ маълум бўлди

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони 800 минг нафардан ошди. Бугунги кунда қуйидаги олий таълим муассасалари, таълим йўналишлари ва ҳудудларга абитуриентлар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Абитуриентларнинг энг кўп рўйхати қайд этилган (танлов) олий таълим муассасалари 3 талиги:

1) Андижон тиббиёт институти бир ўринга 18,69 нафар абитуриент;
2) Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали бир ўринга 18.57 нафар абитуриент;
3) Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали бир ўринга 15.11 нафар абитуриент.

Рафиқасининг йўқолиб қолганини маълум қилган эркак аслида унинг қотили бўлиб чиқди

Жорий йилнинг 20 май куни Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи 53 ёшли эркак ички ишлар органига ўз рафиқасининг Тошкентга кетиб бедарак юқолгани борасида мурожаат қилади.

Маълум бўлишича, шаҳарнинг “Наврўз” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Ш. ўз аризасида шу йилнинг 1 май куни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Шота Руставелли кўчасидаги уйлардан бирида доимий рўйхатда турган 1965 йил туғилган турмуш ўртоғи С.М. уйидан пойтахтга бораман деб чиқиб кетиб, қайтиб келмагани маълум қилинган.

Ўзбекистонлик механиклар Lamborghini йиғишни йўлга қўйди

Ўзбекистонда икки ҳаваскор-механик Lamborghini Aventador автомобилини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Афсонавий автомобилнинг дастлабки моделларини автоҳаваскорлар ўз қўллари билан гаражда йиғган. Ушбу лойиҳа муаллифларидан бирининг сўзларига кўра, уларга бир нечта буюртма ҳам бўлган. Ҳозирча биргина Aventador`нинг кузови йиғилган.

Россиянинг авиабазасига ҳужум уюштирилди

Жангарилар Россиянинг Суриядаги Хмеймим авиабазасига ҳужум қилишга уринди. Бу ҳақда Сурияда урушувчи томонларни яраштириш бўйича марказ раҳбари генерал-майор Алексей Бакин маълум қилди. Кеча, 12 июль куни ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қурилмалари авиабаза яқинида учта дронни йўқ қилган. Воқеада ҳеч ким жабрланмаган, авиабаза штат режимида ишлаяпти.

Боситхонованинг бозорчи аёллар ҳақидаги гапларига изоҳ берилди

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бозорларда ишлайдиган аёлларда маънавият ва маърифатдан йироқлигини таъкидлаганди. Боситхонова эндиликда бозорларда қўмитанинг бошланғич ташкилоти тузилишини айтганди.. Бозорда ишлайдиган аёллар маърифатсиз “бозорчи аёл” номига муносиб бўлмасликлари учун бошланғич ташкилот хонасида улар билан маърифий суҳбатлар ўтказилиши ҳам режалаштирилгани маълум қилинганди.

Аммо Боситхонованинг айтганлари ижтимоий тармоқлар ва ОАВда турлича талқинларга сабаб бўлгач, Хотин-қизлар қўмитаси нотўғри талқинга, тўғри муносабат билан жавоб қайтарди.

30 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган аёл ушланди

Тошкент шаҳрида 54 ёшли аёл олий таълим муассасига киритиб қўяаман деб фуқародан 30 минг АҚШ доллари олаётган вақтда қўлга олинди. 2019 йил 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментидан тушган ҳужжатлар тўпламига кўра, 25 июнь куни Юнусобод тумани Шахристон кўчасида яшовчи муқаддам судланган 54 ёшли Х.А. исмли аёл, 30 000 АҚШ доллари эвазига 44 ёшли М.Г. исмли аёлнинг ўғлини Тошкент Давлат Юридик университетига ўқишга киритиб қўйиш мақсадида М.Г.дан Яккасарой тумани Ш.Руставели кўчасида келишилган пулнинг ҳаммасини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тошкентда мудҳиш ЙТҲ содир бўлди

Бугун, 13 июль куни тонгда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Соат 03:30ларда Тошкент шаҳрининг Миробод тумани Қўйлиқ ота кўчасида яшаган 35 ёшли Т.Н. бошқарувидаги Matiz русумли автомашинасини Янги Юнусобод кўчасида ҳайдаб кетаётиб, йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган MAN русумли юк автомашинасининг орқа қисмига урилиб, тўқнашув содир этган.

“Ўзбекконцерт” “Миллион”нинг лицензиясини нега бекор қилмоқчи?

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси "Миллион" жамоасига 187.727.980 сўм қарздорлик бўйича тўловларни жорий йилнинг 16 июлига қадар амалга оширмаса жамоа билан тузилган лицензия шартномаси бекор қилиниши бўйича расмий огоҳлантириш хати юборди.

“Минор” масжидида катта миқдорда пул ўғирланди

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Минор” жоме масжидида ўғрилик содир этилди. Воқеа жорий йилнинг 8 июль куни соат 13:00 да содир бўлган. “Минор” масжидида 18 ёшли Билол Х. ва унинг 2 нафар жиноий шериклари билан қиймати 70 АҚШ долларига тенг бўлган ва 25 ёшли Суннатилло О.га тегишли бўлган сумкани ўғирлаган. Сумкада Powerbank, барсетка, мобиль телефон, авиачипта, миллий ва хорижий валютада катта миқдорда пул бўлган.

Тошкентдаги мудҳиш ЙТҲлар

Бугун, 13 июль куни пойтахтда юз берган икки мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида 3 киши ҳалок бўлди. Юнусобод туманида юз берган ЙТҲда 35 ва 32 ёшли эркаклар ҳалок бўлди.

Шайхонтоҳур туманида юз берган ЙТҲда 9 ёшли қизалоқ ҳалок бўлди. Воқеа бола йўлнинг қатнов қисмига кутилмаганда чиқиши ортидан юз бергани айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made