Лавров Европа Украинага қурол етказиб бераётганидан нолиди
Олам
−
10 Март 2022
11295Украинага қурол юбораётганлар ўз ҳаракати учун жавобгарликни зиммасига олади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркиянинг Анталия шаҳрида мезбон давлат ТИВ раҳбари Мавлуд Чавушўғли ва Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан музокаралардан кейин ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Украинага хориждан қурол етказиб бериш масаласига келсак, ҳа, биз ғарблик ҳамкасбларимиз, жумладан, Европа Иттифоқи қанчалик хавфли ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз”, деган Лавров.
Унинг сўзларига кўра, “ғарблик ҳамкасблар” ўзларининг барча тамойиллари ва қадриятларини бузган ҳолда, аслида Украинага ҳалокатли қуроллар, жумладан, елкада исталган жойда олиб юриш мумкин бўлган минглаб кўчма зенит-ракета комплексларини етказиб беришни кенгайтирмоқда.
“Биз Европа Иттифоқидаги ҳамкасбларимизга мана шу минглаб кўчма зенит тизимлари қаерга тушади, деган савол берамиз”, дейди Лавров
Шунингдек, у Москва Пентагон Украинада биологик лаборториялар ташкил қилганидан хавотирда эканини урғулади.
“Пентагон Украинада ҳарбий мақсадларда ўнлаб биологик лабораториялар ташкил этгани ҳақидаги хабарлардан хавотирдамиз. Бизга бу борадаги саволларга жавоб керак”, дея қўшимча қилган вазир.
Аввалроқ, бугун, 10 март куни Анталия шаҳрида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ўртасида учрашув бошлангани ҳақида хабар бергандик.
Бу икки давлат ТИВ раҳбарларининг Украинада Россия Қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин ўтказаётган илк музокараси.
Кулеба учрашувдан кейин 24 соатлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаганини, аммо Украина яна шундай форматдаги учрашувдан бош тортмаслигини маълум қилди.
Маълумот учун, Россия-Украина уруши бошланишидан олдин ва ундан кейин Ғарб давлатлари Киевга кўплаб MANPADS ва Javelin танкка қарши ракеталарини етказиб берганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь