Лавров рус тилини МДҲда фаол ёйишга ваъда берди
Олам
−
11 Февраль 3332 2 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларда рус тилини ўрганишни фаол тарғиб қилади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 11 февраль куни Давлат думасида бўлиб ўтган ҳукумат соатида маълум қилди.
Лавров Россия ташқи сиёсат идораси МДҲдаги мавқедошларига таълим соҳасида ҳамкорликнинг турли шаклларини таклиф қилишга тайёрлигига эътибор қаратган.
“ТИВ бу ишда бундан кейин ҳам фаол иштирок этади, бу жуда истиқболли. Янги халқаро ташкилот доирасида ҳам, бошқа форматлар доирасида ҳам рус тилини тарғиб қилиш жараёнлари билан биргаликда, бу ишнинг яхши истиқболлари бор, деб ҳисоблайман”, дейди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, МДҲда амалиётда кичик ижобий силжишлар мавжуд, улар орасида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ташаббуси билан бошланган Россия-Қирғизистон лойиҳаси алоҳида ажралиб туради.
“У таълим дастурлари, мактаб ва олий ўқув юртлари дастурларини уйғунлаштиришни назарда тутади. Бишкекда бу мавзуда бир маротаба тадбир ўтказилди, янги учрашув тайёрланмоқда. Бу тадбирлар якуни бўйича умумлашмалар, хулосалар чиқарилади, президентларга ахборот берилади”, дейди Лавров.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2025 йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистонга келди. Сергей Лавровни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди. 23 апрель куни у Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она“ ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров мазкур ҳолатга муносабат билдириб, рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини айтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев эса Лавровнинг таклифини “Москвадаги Қизил майдонга ўзбекча ёзилса, кейин ўйлаб кўриш мумкин”лигини билдирди.
Маълумот учун, рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш 2023 йил 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан таклиф қилинган.
Кейинчалик, саммитда МДҲ давлатлари раҳбарлари рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш тўғрисидаги баённи ҳамда “Халқаро рус тили ташкилотини таъсис этиш тўғрисида”ги шартномани имзолаган.
Ўзбекистон 2024 йилнинг ноябрь ойида рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди.
Live
Барчаси