Мирзиёев Путин кутаётган шартномани ратификация қилди
Жамият
−
01 Ноябрь
17789Ўзбекистон рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Бу ҳақдаги қонун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 18 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан жорий йил 24 октябрда маъқулланган рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни кеча, 31 октябрь куни Президент томонидан тасдиқланган.
Маълумот учун, рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш 2023 йил 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан таклиф қилинган.
Кейинчалик, саммитда МДҲ давлатлари раҳбарлари рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш тўғрисидаги баённи ҳамда “Халқаро рус тили ташкилотини таъсис этиш тўғрисида”ги шартномани имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашида Россия Президенти Владимир Путин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутаётганини айтганди.