Лавров Самарқанддаги ҳайкал ёнида русча ёзув йўқлигидан нолиди (видео)

Жамият

image

Ўзбекистонда бўлиб турган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанд шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Вазир Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарларни хотирлаб ёзилган ёдгорлик сўзлари фақат инглиз тилига таржима қилинганини айтиб, бунга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг эътиборини қаратган.

“Кўряпман, бу ердаги ёзув инглиз тилида ҳам бор. Хўш, нега русчаси йўқ?”, деган Лавров.

Гап ҳайкал остига ёзилган “Сен ҳар доим бизнинг қалбимиздасан, азизим” сўзлари ҳақида кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кеча, 22 апрель куни Ўзбекистонга келди. Сергей Лавровни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди. 

Лавровнинг 22-23 апрель кунларига мўлжалланган Ўзбекистонга сафари ҳақида олдинроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилганди. Унинг айтишича, Сергей Лавров ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув, шунингдек, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан батафсил музокаралар ўтказиши режалаштирилган. 

Маълумот учун, Сергей Лавров сўнгги бор Ўзбекистонга расмий ташриф билан 2023 йилнинг апрелида Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учрашуви, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тор ва кенгайтирилган шаклдаги йиғилиши, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Россия Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун келганди. Ўшанда ҳам йиғилиш Самарқандда бўлиб ўтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Сергей Лавров Мотамсаро она ҳайкали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг