АҚШдан аламзада Лавров Ўзбекистонда “дардини достон қилди”
Таҳлил
−
19 Апрель 2023
2074113-14 апрель кунлари Самарқанд шаҳри бир қатор йирик халқаро тадбирлар учун яна майдон вазифасини ўтаб берди. Айни шу кунлари Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учрашуви, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тор ва кенгайтирилган шаклдаги йиғилиши, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Россия Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов, Арманистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян, Беларусь Республикаси ташқи ишлар вазири Сергей Алейник, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хожиев, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев ҳамда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этди.
Даставвал, 13 апрель куни Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов очиб берди.
“Афғонистондаги вазият биз учун – қўшни давлатлар учун жуда муҳимдир, чунки барқарор ёки беқарор Афғонистон бизга бевосита таъсир қилади. Бироқ баъзи минтақадан ташқари давлатлар мавжуд бўлиб, улар бу мамлакатга қарши кўп йиллик хафагарчилик ва тажовузларга қарамай, афғон халқига кўплаб зарар ва азобларни келтириб чиқармоқда, ҳанузгача бу мамлакатга очкўзлик билан минтақавий мамлакатларга нисбатан ноқонуний мақсадларини илгари суриш воситаси сифатида қарайди. Афғонистондан узоқлашаётган ушбу минтақадан ташқаридаги кучлар ушбу мамлакатда ўнлаб йиллар давом этган вайронагарчилик учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишлари ва бунинг ўрнини қоплашлари керак. Афғонистон географиясидан минтақавий мамлакатларга қарши восита сифатида фойдаланиб бўлмайди”, деди у нутқи аввалида.
Тадбирлар гарчи Ўзбекистонда бўлиб ўтсада, унинг тафсилотлари кўпроқ халқаро майдонда муҳокама қилинди. Бунга сабаб эса Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг баёнотлари бўлиб, мазкур йиғилишлар Путиннинг ишончли одамига АҚШга қаратилган танқидларни айтиб олиш учун қулай имконият яратиб берди.
Айниқса, Россиянинг Украинага қилган ҳужумини оқлаш учун.
“Асосий эътибор халқаро вазиятга қаратилди. Ғарб томонидан глобал ҳукмронлик учун олиб борилган гибрид уруш мисли кўрилмаган даражада оғирлашди ва кўп қутбли дунё тартибини шакллантиришда объектив жараёнларнинг олдини олишга ҳаракат қилди. Ушбу мақсадлар учун Украина режими фаол равишда қўлланилиб келинди, у кўп йиллар давомида Россия Федерацияси хавфсизлигига қилинган ҳарбий таҳдидлар учун тўғридан-тўғри кўприк вазифасини бажариб келган. Улар русларнинг ҳаммасини йўқ қилишни ният қилган ва буни Украинада рус ва рус тилида сўзлашувчи аҳолига зулм қилишдан бошлади.
Украина рақамлари очиқ гапиришдан уялмайди. Украина Президентининг маслаҳатчиси Михаил Подолякгa ишонадиган бўлсак, кеча у Зеленский ва унинг концептуал тамойилларини баён қилиб, Украина Қримни эгаллаб олганда, у рус, рус маданияти ва у ердаги барча русларни йўқ қилишини ва фақат Украина ёки глобал маданият бўлиши мумкинлигини айтди. У Украинанинг собиқ шарқий минтақалари аҳолисини “йўқ қилиниши ва қамоққа олиниши керак бўлган бандитлар” деб атади”, деди у МДҲ вазирлар кенгашининг йиғилиши дўстлар ўртасида бўлгани каби ишбилармонлик ва ишонч муҳитида ўтганини таъкидлаб.
Шуни таъкидлаш керакки, Лавровнинг Ўзбекистонда айтган бу гаплари шу йилнинг 28 февраль куни Тошкентга келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг баёнотига нисбатан билдирилган жавобга ўхшайди. Чунки ўшанда Блинкен журналистларнинг Россия-Украина уруши ҳақидаги саволларига жавобан, АҚШ ҳар бир мамлакатнинг ҳуқуқий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини айтган эди.
“Россия бу операцияни қайта такрорлаши мумкин эмаслигига ишонч борми? Бир, икки ёки уч йил ўтгач, у дам олади, қайта қуролланади ва яна ҳужум қилади”, деган эди Энтони Блинкен 28 февраль куни матбуот анжуманида.
Россия Ташқи ишлар вазири эса АҚШни БМТнинг низомларидан ўзига керак бўлган шаклда фойдаланаётгани билан айблади ва МДҲ мамалакатлари ўзи билан ҳамфикр эканини қўшимча қилди.
“Биз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкоркорликни истиқболли деб биламиз. Улар биз ҳаммамиз жойлашган улкан Евроосиё қитъаси мамлакатларининг табиий эҳтиёжларига таянади ва жаҳон иқтисодиёти фаолият кўрсатадиган янги пойдеворларни шакллантиришда сиёсий жараёнларга таъсир қиладиган жиддий рақобатдош устунликларни яратади. Сиёсий жиҳатларга кўра, улар бизнинг Ғарбдаги ҳамкасбларимиз сингари БМТ низомига танлаб мурожаат қилмасдан, ушбу ҳужжат тўла-тўкис ҳурмат қилинишини қатъий қўллаб-қувватладилар. Косовони мустақил қилишлари керак бўлганда, улар халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъкидлайдилару, дунёнинг бошқа минтақалари учун бундай ҳуқуқни рад этиш керак бўлганда, улар ҳудудий яхлитликка мутлақ вариант сифатида мурожаат қиладилар, бунга алтернатив йўқ”, дея изоҳ берди Россия дипломати.
Гап уруш ҳақида кетар экан, агар эсингизда бўлса, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург губернаторлиги ҳарбий хизматга муҳожирларни ҳам жалб қилиш учун ҳужжат имзолагани ҳақида хабар қилган эдик ва бу мавзуни миграция бўйича мутахассис Ботиржон Шермуҳаммад билан муҳокама қилгандик ҳам. Ўзбекистон ҳам ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фуқароларини урушга жалб этмасликни Россиядан сўрайди, ёки буни талаб қилади, деган умидимиз бор эди. Лекин Самарқандда бўлиб ўтган учта йирик халқаро тадбирлар очиқ давра суҳбатларининг бирортасида ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровдан Украинадаги можарога муҳожирларни аралаштирмасликни, урушда ўзбек мигрантларидан фойданмасликни талаб қилиб бир оғиз ҳам гапиргани йўқ. Марказий Осиёнинг бошқа вакиллари ҳам бу ҳақда чурқ этмади. Ҳарқалай, бу ҳақда ёпиқ эшиклар ортида гаплашилган бўлган тақдирда ҳам музокара натижалари эълон қилинмади.
Бу ёқда эса Рус ҳукумати аллақачон ҳарбий хизматга жалб қилиш қулай бўлиши учун ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ тилларидаги, хуллас, мигрантлар тушунадиган барча тиллардаги варақаларни тарқатмоқда. Муҳожирларга турли таклифлар бермоқда, Россия фуқаролигини беришни ваъда қилмоқда.
Шунча тарғиботларга қарши эса Ўзбекистон ҳукумати фуқароларини огоҳлантиришдан нарига ўтгани йўқ.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Лавров МДҲ вазирлар кенгашининг йиғилишида Халқаро рус тили ташкилотини тузиш, унинг низомини ишлаб чиқиш ҳақида гапирди.
“Маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартибимиздан кенг ўрин олди. Халқаро рус тили ташкилоти низомини уйғунлаштиришни якунлаш бўйича кейинги ишларни ҳамма қўллаб-қувватлади. Бу Қозоғистон Президенти Қ.Ж.Тўқаев ташаббуси бўлиб, ўтган йилги МДҲ саммитида тегишли концепция шаклида маъқулланган. Ҳозир қонун ҳужжатларини тайёрлаяпмиз. Президент Тўқаев таклиф қилганидек, бу ташкилот МДҲ ташаббуси билан ташкил этилади ва истисносиз исталган қитъанинг барча давлатлари учун очиқ бўлади”, деди Лавров фахр билан.
Қолаверса, Путиннинг одами Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия газ иттифоқи бўйича муҳокамалар олдинга силжиганини ҳам айтишни унутмади. У Марказий Осиё-Россия форматидаги учрашувдан сўнг журналистлар билан мутбуот анжумани ўтказди ва саволларга жавоб берди.
“Вазирлар Кенгаши доирасида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ иттифоқи масаласи муҳокама қилиндими? Ушбу масалани муҳокама қилиш қайси босқичда? Қандай иш қилиш керак? Ҳар бир томон қандай имтиёзларга эга бўлади?” деган савол билан Лавровга юзланди журналистлардан бири.
“Бу масала муҳокама қилинмади. Ҳамдўстликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Энергетика хавфсизлигини, албатта, мустаҳкамлайдиган ушбу кенг кўламли лойиҳани муҳокама қилишда уч давлат (Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон), жумладан, президентлар даражасида фаол илгарилаб борди. Фойда ҳамма учун бўлади. Чунки газ етказиб берувчилар ва бунга қизиқувчилар бор. Томонлар транзит шартлари, нархлар ва ҳамма нарса ҳамма учун мос бўлса, ҳамма ютади”, дея жавоб қайтарди Россия Ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ давлат котиби Блинкен Ўзбекистонни Россиянинг энергетика сиртмоғига тушишдан огоҳлантирган эди.
Лавров Афғонистон масаласида ўз фикрини билдирар экан, Оқ уйни Афғонистондаги террорчилик ҳаракатларини “рағбатлантириш”да айблаб, қачонлардир улар бошчилигидаги коалиция Афғонистондан “қочиб кетгани”ни айтди. Қолаверса, Лавров Россия “Толибон”ни тан оладими, йўқми – мана шу саволга ҳам жавоб берди.
“Биринчидан, террорчилик таҳдиди кучайиб бораётгани сабабли мавқеи заифлашганига қарамай, мамлакат устидан ҳокимият ва назоратни сақлаб қолган “Толибон” ҳукумати билан алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш зарурлиги ҳақида деярли барчамиз бир овоздан фикр билдирамиз. Бу назорат жиддий аҳамият касб этмоқда, чунки террорчилар (нафақат ИШИД, балки бошқа ташкилотлар ҳам) бош кўтармоқда. Айрим ғарблик “ҳамкасбларимиз”нинг террорчилик ҳаракатларини “рағбатлантириш”да қўли бор, дейишга асослар бор.
Иккинчидан, “Толибон” – бу ҳақиқат. Лекин буни Афғонистонда ҳамма ҳам сезмайди. Аввало, сиёсий кучлардан фақат биттаси – “Толибон” ҳаракати вакили бўлган ушбу мамлакат ҳукуматининг ноинклюзив таркиби нуқтаи назаридан. “Толибон” уларнинг ҳукуматида ўзбеклар, тожиклар ва ҳазоралар борлигини айтади. Аммо ҳукуматни ташкил этувчи бу этник гуруҳлар вакиллари сиёсий жиҳатдан ҳамон “Толибон”.
Қўшма Штатлар ва улар бошчилигидаги коалиция “қочиб кетганидан” кейин “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганида, улар ўзларининг ижтимоий базасини кенгайтиришга ваъда беришди. Жумладан, бошқарув тузилмаларига бошқа сиёсий кучларни киритиш орқали. Бу уларнинг ихтиёрий мажбуриятлари, шунингдек, терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосини йўқ қилиш ваъдаси эди. Бу йўналишда нимадир қилинмоқда. Аммо инклюзив ҳукуматни яратиш нуқтаи назаридан (нафақат этник, балки сиёсий жиҳатларни ҳам ҳисобга олган ҳолда) ҳали кўп йўл бор.
Биз барчамиз бир овоздан “Толибон”ни бир неча йиллардан бери кун тартибида турган ва халқаро ҳамжамият эътиборини тортаётган ушбу масалаларни ҳал қилишга чақирдик. БМТ доирасида. Бу нафақат де-факто “Толибон” раҳбариятини, балки Афғонистоннинг янги ҳукуматини де-юре расман тан олиш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Бу масалаларни тезроқ ҳал этиш учун аёллар ва қизларнинг сайлов ва таълим ҳуқуқлари муаммосини ҳал этиш ҳам принципиал аҳамиятга эга”, деди Сергей Лавров.
Яқин ҳафталарда Европа Иттифоқи нафақат Россияга, балки Россия Федерациясига санкцияланган товарларни етказиб бериш билан шуғулланувчи давлатларга қарши қаратилган ўн биринчи санкциялар пакетини жорий қилиши кутилмоқда. Шу боисдан 28 март куни Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Девид O’Салливан Қирғизистонга келиб, Марказий Осиё мамлакатларини Россия санкциялари таъсирига тушиб қолишдан огоҳлантириб кетган эди. Яқин кунлар ичида Салливан минтақанинг яна икки давлатига келиши кутилмоқда. Хўш, агар санкциялар пакети Марказий Осиё мамлакатлариининг иқтисодига таъсир қилса, Москва МДҲ мамлакатларидан қандай муносабат кутади?
“Бу мавзу алоҳида муҳокама қилинмаган. Аммо суҳбатларда сиз қисман тилга олган воқеаларга ўз баҳоларимизни бериб ўтдик. Бизнинг умумий фикримиз шуки, Ғарб вакилларининг (бу ерга Европа Иттифоқи делегатларидан ташқари америкаликлар ҳам келади, санкциялар масаласига “масъул”) “такаббурлиги” барча чегаралардан ошиб кетди. Бу шундай босим ва таҳдидларга учраган мамлакатларнинг автономияси ва мустақиллигига мутлақо ҳурматсизлик сифатида қабул қилинади.
МДҲ давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшимча қарорлар тайёрланмоқда. Улар жорий йилнинг 8 июнь куни Сочида Ҳукумат раҳбарлари кенгашига тақдим этилади. Хизматларнинг эркин савдоси тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича келишувлар шулар жумласидандир. Бу иқтисодий соҳадаги ҳамкорлигимизга муҳим туртки беради. Қарорлар орасида Ғарб яратаётган, унинг барча позицияларига путур етказаётган “қонунсизлик”дан умумий технологик мустақиллигимизни оширишга бағишланган қатор лойиҳалар бўлади. Дунё мамлакатлари глобал молия соҳасида Америка раҳбарияти ва унинг йўлдошлари жаҳон иқтисодиётидаги ўз мавқеини, жумладан, ноадекват ва қўпол равишда суиистеъмол қилаётганини тушуниб турибди”, дея жавоб берди у.
Бу нимани англатади? МДҲ мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё ҳам Россиянинг санкциялар ботқоғига бирга тушиб, ундан чиқиш учун ҳамкорлик қилишга тайёрланяптими?
“Бразилия Президенти Лула да Силва Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ долларидан воз кечишга ва ўзаро савдода ўз валюталарига кўпроқ таянишга чақирди. Бу тенденция қайтариб бўлмайдиган. Америкаликлар долларнинг ҳукмрон ролидан фойдаланиб, халқаро молия ва бутун жаҳон иқтисодиётини бошқариб, ўзлари ўтирган шохни жиддий тарзда кесиб ташладилар. Ундан энди “парвоз” бошланади. Ҳали жуда тез эмас, лекин тезлашади.
Ҳар доим санкциялар ҳеч қаерга олиб борадиган йўл эмаслиги айтилган. Ғарб давлатлари ўз позициялари билан “мақтанишди” ва уни реклама қилишди, глобаллашув пойдеворига ўзлари қўйган тамойиллар асосида ишлашга чақиришди. Энди улар ўзларининг геосиёсий ўйинлари ва ҳар қандай ҳолатда ҳам гегемонликни сақлаб қолишга уринишлари учун бу тамойилларни қўпол равишда бузмоқчи. Жиддий давлатлар ва сиёсатчилар тегишли хулосалар чиқарадилар. Улар эса Ғарбга қарамликни тугатиш ва мамлакатларга (нормал, ўз мустақиллиги ва ҳамкорларини ҳурмат қилган ҳолда) ўз иқтисодларини ривожлантириш ва ўз манфаатларига мувофиқ яшаш имконини берадиган механизмларни ишлаб чиқиш тарафдори”, дея жавоб берди Россия ТИВ раҳбари.
Шу тариқа Лавров ғарблик ҳамкасбларнинг МДҲ давлатларига расмий ташрифларини беадаблик деб баҳолади.
“Мен ташрифлар такаббурлик деб айтмадим. Уларнинг бу ташрифлар чоғида ўз хоҳиш-иродасига бўйсунишни талаб қилиб, суверенитет ва ҳудудий яхлитликка бўлган элементар ҳурматни қўпол равишда бузиши беадабликдир”, дея таъкидлади у.
Матбуот анжумани сўнггида журналистлар яна Украина мавзусига тўхталди ва Россия тинчлик учун музокаралар столига ўтирадими-йўқми деган савол билан юзланди. Лавровнинг жавоби эса аниқ – “Йўқ!” Ҳарқалай, ҳозирча музокаралар столига ўтирмоқчи эмас.
“Улар худди шундай дейишади: ҳозир музокаралар вақти эмас. Украина “жанг майдонида ғалаба қозониши керак”, Россия “жанг майдонида стратегик мағлубиятга учраши керак”. Ва шундан кейингина музокаралар учун шароитлар “пишади”.
2022 йил сентябрь ойида Владимир Зеленский Украина ҳукуматидан ҳеч кимга Россия Федерацияси раҳбарияти билан музокара олиб боришни тақиқловчи фармонни имзолаганидан журналист сифатида хабарингиз бордир. Биздан Россия музокараларга қачон тайёр бўлади, деб сўрашда давом этаётгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларида бу саволларни кўтараётган одамларнинг ҳурматига сазовор эмас”, деб бундай позиция аслида Украинадан бошланганини гапирди Россия вакили.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг ғалабаси Ғарб ҳукмронлигига экзистенциал хавф туғдиришини бир неча бор айтган. Польша Бош вазири М.Моравецки яқинда Россия ғалаба қозонса, бу Ғарб учун кўп ўн йиллар давомида фалокат бўлишини айтиб чиққан. АҚШ Давлат котиби ҳам ўзининг Тошкентдаги ташрифида агар Россия урушда ғалаба қозонса, бу амалиёт, яъни уруш амалиёти Марказий Осиёда ҳам такрорланиши мумкинлигини айтган эди. Унинг гапларига исбот тариқасида рус сиёсатчилари ўқтин-ўқтин Россиянинг МО давлатларини босиб олиш, СССРни қайта тиклаш нияти борлиги ҳақида гап очиб қолади.
“Ғарб ҳозирги вазият ҳақида ўйлаётгани кўриниб турибди. Украина истеъмол қилинадиган материал сифатида ишлатилади. Ғарбнинг мақсади – дунё тартибида ҳукмронлик қилиш даъвосига бирон бир ҳодисанинг шубҳа туғдиришига йўл қўймаслик. Ҳаммаси жуда оддий. Айримларнинг онги эса Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни қайта бошлаш билан чегараланиб қолган. Биз дастлаб бундай музокараларни 2022 йилнинг март ойида ўтказган эдик. Украина ортга чекинди, чунки америкаликлар уларга ҳозир вақт эмас, курашни давом этинг, деб айтди. Улар вазиятни ҳал қилишга ёрдам бермоқчи эмас, чунки бу Россия ва Украина ўртасидаги можаро эмас. Бу кўп қутбли, кўп марказли дунё тартибини яратишга йўл қўймаслик учун, ҳукмронлик учун Ғарбнинг геосиёсий курашидир. Олдинда бизни жуда кўп қизиқарли ўзгаришлар кутиб турибди. Воқеаларни кузатиб боринг”, деди Лавров.
Хўш, МО давлатларини бир жойга жамлаган мазкур йиғилишлар Ўзбекистонга, қўшни мамлакатларга нима берди. Қандайдир муҳим келишувларга эришилдими?
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотларга кўра, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Ҳукуматлар раҳбарлари кенгаши ва Давлатлар раҳбарлари кенгаши томонидан кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатлар, шу жумладан, Самарқанд шаҳрини 2024 йилда Ҳамдўстликнинг маданият пойтахти, Тошкент шаҳрини эса МДҲнинг Ёшлар пойтахти деб эълон қилиш бўйича ҳужжатлари лойиҳалари кўриб чиқилган ва тасдиқланган.
Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2023 йил октябрь ойида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.
Кўрамиз, Қирғизистонда нималар ҳақида гаплашилади? Россия Ташқи ишлар вазири бу сафар қандай гапларни гапиради? Ҳеч бўлмаса, Қирғизистонда урушда марказий осиёликлардан фойдаланмаслик, уларни урушга жалб этмаслик ҳақида овоз чиқариб гапиришга ботинадиганлар топилармикан? QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг. Бу саволларга албатта жавоб оласиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь