Афғонистонлик радикаллар сайёҳ қиёфасида Марказий Осиёга киришга уриняпти – Лавров
World
−
17:49 1483 2 minutes
Радикаллар таҳдидларни Марказий Осиё ва Россияга кўчириш учун Афғонистондан кўприк сифатида фойдаланмоқчи. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров КХШТ, МДҲ ва ШҲТнинг Марказий Осиё ва Афғонистондаги хавфсизлик масалалари бўйича конференциясида сўз очди.
“Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Афғонистон ҳудудларида, мавжуд маълумотларга кўра, террорчилик ва экстремистик гуруҳларнинг жиддий иштироки, уларнинг машғулот лагерлари, таянч пунктлари сақланиб қолаётгани омили ҳам ҳисобга олинмоқда. Ушбу гуруҳлар аъзолари томонидан Марказий Осиё давлатлари ҳудудига, жумладан, қочқинлар ва ҳатто сайёҳлар қиёфасида кириб боришга уринишлар қилинмоқда”, дейди у.
Россия ташқи сиёсат идораси раҳбарининг сўзларига кўра, махсус хизматларнинг баҳолашича, асосий хавф халқаро террорчилик ташкилоти ва ИШИДнинг минтақавий бўлинмаси бўлмиш “Хуросон вилояти” гуруҳи жангариларидан келмоқда.
“Панж дарёсининг у томонидаги “террорчилар интернационали” – бошқа сўз топиш қийин – таркибига марказий осиёлик, шимолий кавказлик, уйғур миллатига мансуб жангариларни қамраб олган. Яқин Шарқ ва Африкада қуролли ҳужумларда қатнашиш тажрибасини орттирган жангариларнинг ахборот маконида, айниқса ижтимоий тармоқларда тарғибот ресурслари мавжудлиги кўзга ташланмоқда”, дейди Сергей Лавров.
Унинг баҳолашича, Афғонистондаги жараёнлар минтақавий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2009 йилнинг январидан 2021 йилнинг августигача бўлган даврда Афғонистондаги қуролли низо пайтида камида 40 минг тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All